Кредит уюшмаси нима?

15.11.2008
Кредит уюшмаси нима?

Ўзбекистон Республикасининг "Кредит уюшмалари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, жисмоний ҳамда юридик шахслар томонидан ихтиёрий тенг ҳуқуқли аъзолик асосида кредитлар бериш ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш мақсадида тузиладиган кредит ташкилоти кредит уюшмаси деб эътироф этилади. Кенгроқ маънода кредит уюшмаси деганда маблағлар жамғариш ва ўзаро кредитлаш учун жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг маблағларини бирлаштирувчи, бундай хизматларни фақат ўз аъзоларига кўрсатувчи кооператив молиявий ташкилот тушунилади. Кредит уюшмаларининг асосий вазифаси - аҳолига молиявий хизматлар кўрсатилишини таъминлашдан иборат. Кредит уюшмалари иқтисодий воситачи вазифасини бажариш билан бир қаторда, ўз аъзоларини ўқитиб-ўргатиш ва уларнинг молиявий саводхонлигини ошириш устида ҳам фаол иш олиб боради, уларга кредитларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланишни ўргатади.

Кредит уюшмаларининг вужудга келиш тарихи

Кредит уюшмаси илк бор 19-аср ўрталарида Европа мамлакатларида кенг тарқалган кредит кооперациясининг алоҳида шаклидир. Илк молиявий кооператив 1844 йил Рочдейл шаҳри (Англия)даги тўқимачилик корхоналарининг ишчилари томонидан ташкил этилган. 19-асрнинг 60-йилларида матлубот ғоясини Германия ва Австрияда Фридрих Райффайзен ва Германом Шульце-Делич рўёбга чиқарди. Улар матлубот ҳаракатининг шаклланишида катта рол ўйнади ва кредит уюшмаларининг иш принциплари кенг тарқалишига имконият яратди. Райффайзен қишлоқ хўжалик кредит кассаларига асос солди. Бу кассалар айни вақтда ўз аъзоларининг манфаатларида савдо фаолиятини ҳам олиб борарди (товар функцияларига эга бўлган кредит кооперативлари). Х. Шульце-Делич фаолияти аввало ноқишлоқ хўжалик соҳасида банд бўлган кичик тадбиркорлар ва ҳунармандларга хизмат кўрсатиш учун кредит кооперативлари ташкил этиш билан боғлиқ эди. 20-аср бошида кредит уюшмалари Европанинг бошқа мамлакатларида ва АҚШда пайдо бўлди. Бугунги кунда кредит уюшмалари мазкур мамлакатлар аҳолиси учун энг оммавий молиявий ташкилотлар ҳисобланади. Кредит уюшмалари АҚШ, Канада, Ирландия, Австралия, Жанубий Корея, Тайвань ва бошқа бир қанча мамлакатларда айниқса кенг тарқалган.

Кредит уюшмалари ва банклар ўртасидаги фарқ нимада?

Кредит уюшмаси - бу банклардаги сингари капиталлар бирлашувидан эмас, балки одамлар бирлашмасидан иборат молиявий кооперативдир. Банк хизматларидан мижозларнинг чекланмаган доираси фойдаланади. Банклардан фарқли ўлароқ, кредит уюшмалари ўз фаолиятини шахсларнинг муайян доираси билан чеклайди, яъни кредит уюшмаси хизматларидан фақат унинг аъзолари фойдаланиши мумкин. Банкларда мулк асосан муайян шахслар (акциядорлар) қўлида жамланади, бу банк фаолиятини бир неча йирик мулкдор томонидан назорат қилиш имконини беради. Кредит уюшмасининг ҳамма аъзолари унинг мулкдорлари ҳисобланади. Улар кредит уюшмаси фондига қўшган ҳиссалари миқдоридан қатъи назар, қарорлар қабул қилишда, уюшмани бошқаришда иштирок этишда ва унинг фаолияти устидан назорат олиб боришда тенг ҳуқуқлардан фойдаланади (бир киши - бир овоз). Банк фаолиятининг мақсади аксарият ҳолларда даромад олишдан иборат. Кредит уюшмасининг фаолияти эса аввало молиявий хизматлар кўрсатиш орқали ўз аъзоларининг эхтиёжларини қондиришга йўналтирилади, шу боис даромад олиш кредит уюшмаси учун асосий мақсад ҳисобланмайди. Кредит уюшмалари ўз фаолияти натижасида олинган даромадни ўз иштирокчиларига дивидендлар тарзида, шунингдек хизматлар сифатини ошириш ва уларнинг турларини кўпайтириш ёки берилаётган кредит ресурсларининг қийматини камайтириш йўли билан қайтарадилар.

Кредит уюшмаси ким томонидан ва нима учун тузилади?

Кредит уюшмаси ихтиёрийлик асосида тузилади, яъни муассислар ҳеч қандай кўрсатма олмайди, балки ўз ихтиёрига кўра кредит уюшмасига бирланади. Кредит уюшмасига бирлашиш тўғрисида қарор қабул қилгач, муассислар ўз шахсий маблағларини биргаликда (коллектив тарзда) тасарруф этиш ва ўзаро кретидлаш учун ташкилот тузади. Кредит уюшмаси тузиш тўғрисидаги қарор камида 50 шахс (юридик ҳамда жисмоний шахслар) иштирок этаётган муассисларнинг умумий йиғилишида қабул қилинади. Йиғилишда муассислар кредит уюшмаси уставини тасдиқлайди, шунингдек уюшмани рўйхатдан ўтказиш даврида унинг манфаатларини ифода этувчи ҳамда Марказий банкнинг рўйхатдан ўтказиш ва лицензия олишга қўйилган талабларини бажариш учун масъул бўлган ваколатли шахсни тайинлайди. Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган кредит уюшмалари учун устав фондининг энг кам миқдори муассислар кредит уюшмаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилган санага қадар бўлган ҳолатга кўра Марказий банк курси бўйича 50 минг АҚШ доллари миқдорида, бошқа минтақаларда тузилаётган кредит уюшмалари учун - 25 минг АҚШ доллари муқдорида белгиланган. Кредит уюшмасининг устав фонди уюшма иштирокчиларининг пул маблағлари кўринишида киритилган аъзолик бадаллари суммаларидан таркиб топади. Бунда устав фондини шакллантириш учун кредитга, гаровга олинган маблағлардан ҳамда бошқа жалб қилинган маблағлардан фойдаланишга йўл қўйлмайди.

Кредит уюшмалари фаолияти қандай ҳуқуқий асосларга эга?

Ўзбекистон Республикасида кредит уюшмалари фаолияти қуйидаги ҳужжатлар билан тартибга солинади:
 Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси
 Ўзбекистон Республикасининг "Кредит уюшмалари тўғрисида"ги Қонуни
 Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг норматив ҳужжатлари Кредит уюшмалари фаолиятини ким тартибга солади? Ўзбекистон Республикасининг "Марказий банк тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг "Кредит уюшмалари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ кредит уюшмалари фаолиятини лицензиялаш ва тартибга солиш Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан амалга оширилади. Марказий банк молиявий ва касса операцияларини амалга ошириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритишнинг кредит уюшмалари учун мажбурий бўлган қоидаларини белгилайди, шунингдек республикада кредит уюшмалари фаолияти устидан умумий назоратни амалга оширади. Кредит уюшмасига ким аъзо бўлиши мумкин? Кредит уюшмасига аъзо бўлиш истагини билдирган ва уюшманинг устав фондига аъзолик бадалини киритган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс кредит уюшмаси иштирокчиси бўлиши мумкин. Кредит уюшмаси томонидан берилган аъзолик сертификати шахснинг кредит уюшмасига аъзолигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Кредит уюшмаси аъзолари сони элликтадан кам бўлиши мумкин эмас.

Кредит уюшмаси аъзолари қандай ҳуқуқларга эга?

Кредит уюшмаси аъзолари:
 кредит уюшмаси кўрсатувчи хизматлардан фойдаланиш;
 кредит уюшмасини бошқаришда иштирок этиш;
 кредит уюшмаси даромадининг бир қисмини белгиланган тартибда (дивидендлар тарзида) олиш;
 уставга мувофиқ кредит уюшмаси фаолияти тўғрисида тўлиқ ва ҳаққоний маълумот олиш;
 кредит уюшмасидан чиқиш;
 кредит уюшмаси тугатилган тақдирда аъзолик бадали миқдорига мутаносиб равишда уюшма мол-мулкининг бир қисмини олиш ҳуқуқига эга. Кредит уюшмаси аъзолари қонун ҳужжатларига ва кредит уюшмасининг уставига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Кредит уюшмаси аъзоларига қандай мажбуриятлар юкланади?

Кредит уюшмаси аъзолари:
 уставга риоя этиши;
 кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилиши, кредит уюшмаси кенгаши, кредит қўмитаси, тафтиш комиссиясининг қарорларини бажариши;
 олинган кредитларни ўз вақтида тўлиқ қайтариши;
 кредит уюшмасининг обрўси ва кредит қобилияти ошишига кўмаклашиши шарт. Қонун ҳужжатларига ва кредит уюшмасининг уставига мувофиқ кредит уюшмаси аъзоларининг бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.

Кредит уюшма қандай хуқуққа эга?

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, кредит уюшма қуйидаги ҳуқуқларга эга:
 депозитларга куйиш учун уз аъзоларидан пул маблағларини жалб этиш;
 ўз аъзоларига кредит бериш;
 ўз уставига мувофиқ шартномалар тузиш ва бошқа фукаролик-ҳуқуқий битимларни амалга ошириш;
 ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш;
 кредитларни ўрнатилган тартибда жалб этиш;
 ўз аъзолари билан лизинг операциялар ўтказиш;
 ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, ўз аъзоларини манфаатларини ҳимоя қилиш ва биргаликда дастурни амалга ошириш мақсадида ассоциациялар ва бошқа бирлашмалар тузиш;
 Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ўрнатилган тартибда филиаллар тузиш;
 Қонунчиликка ва уставига мувофиқ, кредит уюшма бошқа ҳуқуққа ҳам эга бўлиши мумкин.

Кредит уюшма кандай мажбуриятларга эга?

Кредит уюшма мажбурияти:
 ўз устав фондини белгиланган энг кам микдордан пасайтирмаган холда саклашга;
 Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тамонидан урнатилган молиявий ва касса операциялар ўтказиш коидасига риоя қилиш;
 ҳисоб, ҳисобот ва бошқа ҳужжатлар юритишга;
 ҳисоботни белгиланган тартибда эълон қилиш ва такдим этишга;
 кредит уюшмасининг аъзоси кредит уюшмаси олдидаги мажбуриятнини бажармаган ёки лозим даражада бажараган тақдирда тўланиши лозим бўлган суммани кредит уюшмасининг аъзосига тегишли бўлган пай бадали ёки депозитдан, шунингдек, уларга пай бадали бўйича бериладиган дивидендлардан ва депозит бўйича тўланадиган фоизлардан ундириб олишга;
 инспекция ўтказиш учун юборилган Узбекистон Республикаси Марказий банки вакилларига ҳужжатлар ва кредит уюшмаси фаолиятига оид бошқа ахборот манбаларидан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлаш;
 қонун ҳужжатларига ва уставга мувофиқ кредит уюшмасининг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Кредит уюшмаси кандай жавобгарликка эга?

Кредит уюшмаси ўз мажбуриятлари бўйича устав фондининг жами суммаси, захиралар, тақсимланмаган даромад (фойда) ва ўзининг бошқа маблағлари доирасида жавобгар бўлади. Кредит уюшманинг аъзолари кредит уюшмасининг мажбуриятлари бўйича ўзлари киритган пай бадаллари доирасида жавобгар бўладилар.

Аъзолик (пай) бадали нима?

Кредит уюшмасига аъзо бўлиш учун уюшманинг салоҳиятли иштирокчиси кредит уюшмаси уставида белгиланган аъзолик (пай) бадалининг энг кам миқдорини тўлаши лозим. Аъзолик бадали фақат пул шаклида тўланади ва кредит уюшмаси аъзоси устав фондига қўшган ҳисса ҳисобланади. Кредит уюшмаси, шунингдек уюшма бир иштирокчиси аъзолик бадали миқдорининг юқори чегарасини ҳам белгилайди. Қоида тариқасида, аъзолик бадали кредит уюшмаси устав фонди миқдорининг 10% дан ошмаслиги керак. Бу чеклов ликвидлик билан боғлиқ таваккалчилик даражасини пасайтириш ва кредит уюшмаси қарорларига бир шахснинг таъсир кўрсатиш имкониятини камайтириш учун жорий этилган. Аъзолик бадали кредит уюшмаси иштирокчисининг мулки ҳисобланади ва унга кредит уюшмаси даромадининг бир қисмини дивиденд тарзида олиш ҳуқуқини беради. Дивидендлар кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ, молия йили натижаларига кўра соф фойда мавжуд бўлган тақдирда ва ҳамма харажатлар қопланганидан, мажбурий тўловлар таъминланганидан ва кредит уюшмасининг захиралари таркиб топтирилганидан кейингина тўланиши мумкин. Кредит уюшмаси аъзоларига дивидендлар ёзиш уларнинг аъзолик бадаллари миқдорига мутаносиб равишда амалга оширилади. Кредит уюшмаси аъзоси уюшмадан чиққан ёки чиқарилган тақдирда, аъзолик бадали унга кредит уюшмаси уставида белгиланган тартибда қайтарилиши лозим.


Кредит уюшмасида бошқарув қандай амалга оширилади?

Кредит уюшмасида бошқарувнинг асосий вазифаси - унинг барқарорлигини, уюшма аъзолари омонатларининг хавфсизлигини таъминлаш, кўрсатилган маблағларни бой бериш ёки қадрсизланиш (инфляция)дан асрашдан иборат.
Кредит уюшмаси органлари уюшма аъзоларининг Умумий йиғилиши, Кенгаши, Ижро этувчи органи, Кредит қўмитаси ва Тафтиш комиссиясидан иборат.
Кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши уюшма бошқарувчининг олий органи ҳисобланади. Кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши йилига камида бир марта ва молия йили тугаганидан кейин кечи билан олти ой ичида ўтказилиши керак. Умумий йиғилиш кредит уюшмаси аъзолари томонидан демократик назоратни таъминлайди. Кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг ваколатлари жумласига қуйидагилар киради: уставга киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларни тасдиқлаш (устав фондининг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш билан боғлиқ ўзгартишлар бундан мустасно), кредит уюшмаси Кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини тугатиш, дивидендлар тўлаш тартибини тасдиқлаш ва бошқалар.
Кредит уюшмаси Кенгаши таркиби тоқ сондан, камида беш кишидан иборат бўлади. У кредит уюшмасининг пул маблағлари жалб қилиш ва кредитлар бериш борасидаги стратегиясини ва фаолият йўналишларини белгилайди, уюшма фаолиятининг мақсадли дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилиши устидан назорат олиб боради.
Кредит уюшмасининг жорий фаолиятини (аъзоларга хизмат кўрсатиш бўйича операцион фаолият, ҳисоб юритиш ва ҳисоботни ташкил этиш ва ҳ.к.) амалга ошириш учун кредит уюшмаси Кенгаши Ижрочи директорни ишга ёллайди, директор эса кредит уюшмаси ижро этувчи органининг бошқа ходимлари билан меҳнат шартномалари тузади.
Кредит қўмитаси (ижрочи директор ҳамда кредит уюшмаси Кенгаши сайлаган 4 аъзодан иборат бўлади) кредитлар бериш тўғрисида қарорлар қабул қилади ва Кенгаш тасдиқлаган кредит уюшмасининг кредит сиёсатига мувофиқ олинган кредитлар ўз вақтида қайтарилиши устидан назорат олиб боради.
Тафтиш комиссияси (камида 3 кишидан иборат) кредит уюшмаси ва унинг органлари молия-хўжалик фаолияти устидан мунтазам назорат олиб боради.
Шуни таъкидлаш зарурки, Кенгаш, кредит қўмитаси ва тафтиш комиссияси аъзолари жамоатчилик асосида, яъни ҳақ тўланмайдиган асосда иш олиб боради.

Кредит уюшмаси қандай йўл билан даромад олади?

Кредит уюшмаси даромадининг бир неча манбаи мавжуд:
 кредит уюшмаси аъзоларига берилган кредитлар бўйича тўланадиган фоизлар
 кредит уюшмаси амалга оширган инвестициялар бўйича тўланадиган фоизлар
 кўрсатилган хизматлар учун воситачилик ҳақи.


Кредит уюшмалари фаолиятини молиялаштириш қандай амалга оширилади?

Кредит уюшмалари фаолиятини молиялаштириш манбаларини икки асосий гуруҳга ажратиш мумкин: хусусий маблағлар (ёки капитал) ва жалб қилинган ресурслар.
Хусусий маблағлар таркибига қуйидагилар киради:
• кредит уюшмаси иштирокчиларининг аъзолик бадаллари ҳисобига таркиб топтириладиган уюшманинг устав фонди;
• тақсимланмаган даромад;
• захира фонди;
• грантлар ва пул маблағлари кўринишидаги эҳсонлар.
Жалб қилинган ресурслар:
• аъзоларнинг муддатли ва сақлашга қўйилган депозитлари;
• кредит уюшмаси банклар ва бошқа кредит ташкилотларидан олган кредитлардан ташкил топади.
Хусусий маблағлар кредит уюшмасининг молиявий барқарорлигини таъминлайди ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, шунингдек ресурслар умумий қийматини камайтириш ва тегишинча аъзолар учун кредитлар бўйича мақбулроқ ставкалар белгилаш имконини беради.

Кредит уюшмаси пуллар билан қандай ишлайди?

Кредит уюшмасида пуллар билан ишлаш ва уларни сақлаш тартиби ва қоидалари бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг пуллар билан ишлаш ва уларни сақлаш тартиби ва қоидалари билан бир хил. Яъни ўз фаолиятини амалга ошириш учун кредит уюшмалари, бошқа юридик шахслар сингари, тижорат банкларида очиладиган ва хизмат кўрсатиладиган ҳисоб-китоб ҳисобварақларига эга бўлади.
Кредит уюшмаларига ҳам нақд пулда, ҳам пул ўтказиш йўли билан кредитлар беришга рухсат этилган.

Кредит уюшмалари ўз маблағларини нималарга жойлаштиришлари мумкин?

Кредит уюшмаларининг маблағлари асосан ўз аъзоларига кредитлар беришга йўналтирилади. Шунингдек ликвидликни сақлаш мақсадида муайян бошқа молия институтларидаги ҳисобварақларда сақланиши ҳам мумкин

Ўзбекистондаги кредит уюшмаларининг чет эл кредит уюшмаларидан фарқи нимада?

Ўзбекистонда ташкил этилган кредит уюшмасига жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам аъзо бўлишлари мумкин. Ҳолбуки, бошқа кўпгина мамлакатларда кредит уюшмалари асосан жисмоний шахслар учун тузилади.
Фарқ яна шундай намоён бўладики, Ўзбекистонда кредит уюшмасига аъзолик очиқ хусусиятга эга, яъни кредит уюшмасида иштирок этишни хоҳлаган ҳар қандай шахслар унга аъзо бўлишлари мумкин. Айрим чет мамлакатларнинг кредит уюшмаларида аъзолик муайян белги, чунончи: ҳудудий, касбий ва бошқа белгилар билан чекланади.

Кредит уюшмалари депозитларнинг қандай турларини таклиф қилади?

Марказий банк норматив ҳужжатларига мувофиқ кредит уюшмалари ўз аъзоларига қуйидаги депозит ҳисобварақларини очишга ҳақли:
- сақлашга қўйиладиган депозит ҳисобварақлари;
- муддатли депозит ҳисобварақлари.
Кредит уюшмаси таклиф қилувчи депозит маҳсулларига доир умумий ахборот, депозитлар миқдори, муддатлари ва фоиз ставкалари бўйича белгиланган чеклашлар билан бирга кредит уюшмаси Кенгаши тасдиқлаган кредит уюшмасининг Омонатларни сақлаш сиёсатида келтирилади.


Кредит уюшмасида омонатларнинг сақланиши қандай кафолатланади?

Кредит уюшмалари ўз фаолиятини Марказий банк лицензияси асосида амалга оширади. Марказий банк кредит уюшмалари учун молиявий ва касса операцияларини амалга ошириш нормативлари ва мажбурий талабларини белгилайди. Кредит уюшмалари молиявий қоидабузарликлар ва суиистеъмолларга йўл қўймаслиги учун Марказий банк мунтазам равишда ҳамма молиявий кўрсаткичлар бўйича текширувлар ўтказади ва қўйилган талаблар бузилган ҳолда кредит уюшмаларига нисбатан ҳар хил санкциялар қўлланилиши мумкин.
Белгиланган талабларга мувофиқ, кредит уюшмалари жиҳозланган кассага ва (ёки) пул маблағларини ва бошқа моддий бойликларни сақлаш жойига эга бўлиши лозимки, бу уларнинг бутлиги ва хавфсизлигини кафолатлайди.
Бундан ташқари, Кредит уюшмалари Ассоциацияси доирасида тижорат банкларида амалда бўлган омонатларни суғурта қилиш тизимига ўхшаш суғурта тизимини ишлаб чиқиш ва кредит уюшмаларига жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.

Кредит уюшмасида кредит бериш тамойиллари қандай?

Кредит уюшмаси ўз Кенгаши тасдиқлаган кредит сиёсатига мувофиқ фақат ўз аъзоларига шартнома асосида, муддатлилик, қайтаришлик ва тўловлилик принципларига кўра кредитлар беради.
Кредит сиёсатида бериладиган кредитлар миқдорининг юқори чегараси, кредит бўйича муддатлар ва фоизлар белгилаш тартиби, кредитни гаров билан таъминлашнинг мақбул шакллари, шунингдек берилган кредитлар бўйича мониторинг юритиш қоидалари белгилаб қўйилади.


Кредит уюшмасида имтиёзли кредит олиш мумкинми?

"Кредит уюшмалари тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ кредит уюшмаларининг барча аъзолари шу жумладан кредитлар беришда ҳам тенг ҳуқуқлардан фойдаланиши лозим. Шу сабабли ҳамма аъзоларга кредитлар бериш фақат уюшманинг кредит сиёсатида белгиланган талаблар асосида амалга оширилиши керак.
Бундан ташқари, кредит уюшмаси Кенгаш, кредит қўмитаси, тафтиш комиссияси аъзолари ва уюшма ходимлари, шунингдек уларнинг яқин қариндошлари билан кредит уюшмасининг бошқа аъзоларига қараганда қулайроқ шартларда битимлар тузилишига йўл қўймаслиги лозим.


Иштирокчиларга кредитлар қандай мақсадларга берилади?

Кредитлар истеъмол учун ҳам, савдо-ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун ҳам берилиши мумкин.
Қоида тариқасида, кредит уюшмаси ўзи берадиган кредитларни қуйидаги мақсадларга ажратади:
- қишлоқ хўжалиги
- ишлаб чиқариш
- хизматлар кўрсатиш
- савдо ва умумий овқатланиш
- кўчмас мулк харид қилиш ва уни таъмирлаш
- бошқа тижорат кредитлари
- истеъмол мақсадларига кредитлар бериш.

Берилган кредитларнинг қайтарилиши қандай таъминланади?

Кредитни ўз вақтида ёки тўлиқ қайтармаган иштирокчиларга нисбатан кредит уюшмаси Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидаги чораларни кўришга ҳақли:
• кредитни тўлашни кечиктирганлик учун пеня ундириш;
• қайтариш муддати кечиктирилган кредит юзасидан қарз олувчи билан боғланиш (яшаш жойига, иш жойига ташриф буюриш, телефон орқали боғланиш);
• ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки прокуратурага мурожаат қилиш;
• гаровни олиб қўйиш ва реализация қилиш;
• қўйилган гаровни хатлаш ва реализация қилиш юзасидан судга мурожаат қилиш.

Кредит уюшмалари фаолияти солиққа тортиладими?

Ўзбекистон Республикасида кредит уюшмалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2005 йил 16 июнда 1480 рақами билан рўйхатга олинган "Тижорат банклари ва кредит уюшмалари томонидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низомга мувофиқ солиқлар, божлар тўлайди ва мажбурий тўловларни амалга оширади.


Манба: www.kua.uz
Похожие новости
Сиз қанча солиқ тўлашингизни биласизми?

12.03.2009

Сиз қанча солиқ тўлашингизни биласизми?

Ҳурматли Марказий банк ходимлари Мен Қарши шаҳрида микрокредит ташкилоти очмоқчи эдим. Бунинг учун қандай ҳужжатлар тайёрлашим керак? Шу ҳақда батафсилроқ маълумот беришларингизни сўрайман.

02.03.2009

Ҳурматли Марказий банк ходимлари Мен Қарши шаҳрида микрокредит ташкилоти очмоқчи эдим. Бунинг учун қандай ҳужжатлар тайёрлашим керак? Шу ҳақда батафсилроқ маълумот беришларингизни сўрайман.

Жисмоний шахсларнинг банкларга ва кредит уюшмаларига қўйган омонатларидан олинадиган даромадларни солиққа тортиш бўйича саволлар

17.12.2008

Жисмоний шахсларнинг банкларга ва кредит уюшмаларига қўйган омонатларидан олинадиган даромадларни солиққа тортиш бўйича саволлар



Система Orphus