Ислом молия тизимининг анъанавий банк тизимидан фарқи

2 Июня 2019

Анъанавий ва ислом банкчилиги: тафовутлар, амалий фарқ ва ўхшашликлар. 1 қисм

Ислом МолиясиMay 30, 2019

Мазкур кенг мавзунинг асосларини тушуниш исломнинг молия талқинидаги ўрнини англашдан бошланади.

Исломдан ислом молиясига

Ислом – инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча босқич ва жабҳаларида иштирок этувчи ва тартибга солиб турувчи кенг қамровли диндир. Жумладан, ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас ва муҳим қисми бўлган молиявий амалиётлар исломнинг фиқҳ ул-муомала деб аталувчи соҳаси доирасига киради.

Ислом ва унинг молияга (яъни ислом молияси) тегишли жихатлари ва тушунчалари юзасидан маълумот берган эдик (биз шу масала бўйича тайёрлаган жадвал 2 март куни саҳифамизга қўйилган).

Ислом молияси нима?

Ислом молияси ислом ҳуқуқи асосида ишлайдиган молия тизимдир. Ушбу тизим, бизнинг “Ислом молияси соҳасининг салоҳияти” ҳақидаги мақоламизда кўрсатиб ўтилган бир қатор асосий таркибий қисмларни ўз ичига олган. Ислом молиясининг асосий тамойиллари - барча шартнома ва битимларда адолат ва тенг шарт-шароитни таъминлаш ҳисобланади. Бу, қуйидаги уч асосий тақиқ орқали намоён бўлади: судхўрлик, “ғарар” (ахборот мувозанатининг бузилиши оқибатида ноаниқлик/мавҳумлик пайдо бўлиши, яъни битим иштирокчиларидан бири шартнома бўйича тўлиқ ахборотга эга бўлмаганлиги туфайли ўзини катта хатарга рўбарў қилишини билдиради) ва “майсир” (қимор ўйинлари ва спекуляция/чайқов амалиёти). Бизнинг "Таваккалми, гардкамми?" деб номланган мақоламиз майсирнинг ман этилишига бағишланган. Келаси мақолаларимизда рибо ва ғарарнинг тақиқланиши сабабларига батафсил тўхталиб ўтамиз.

Ислом ва анъанавий банк-молияси ўртасидаги асосий фалсафий тафовутлар

Юқорида кўрсатиб ўтилган тақиқлар пул билан ўзгача муомала қилинишига олиб келади. Анъанавий банк пулни даромади кафолатланган сотиш ёки ижарага бериш мумкин бўлган маҳсулот сифатида кўради, чунки берилган қарз маблағларини йўқотиш хавфи жуда кам (қарз маблағлари ҳам, қарз бўйича фоизлар ҳам лойиҳанинг муваффақияти ёки инқирозидан қатъий-назар доимо кафолатланган бўлади), ислом банки эса ўзини бизнес бўйича ҳамкордек тутади ва ҳамкорликнинг турига қараб хавфларни бўлишади. Барчага маълумки, агар икки томон хатар ва йўқотишларни ўзаро бўлишса улар молиявий амалиётларда эҳтиёткорлик билан иш тутадилар. Шу тариқа, ислом молияси адолатлироқ, молиявий барқарор ҳамкорлик муҳити яратилишини таъминлайди.

Ғарарни тақиқлаб, ислом банклари ўзларининг мижозлар билан бўлган муносабатларида иккимаънолилик, ноаниқлик, ҳийла-найранглар ва хатарларнинг олдини олади. Қанча қанча одамларнинг билим етишмаслиги, соддалиги ва жоҳиллиги сабаб ҳийлагар мутахассислар, компания ҳамда бошқа муассасаларнинг алдови оқибатида жиддий зарар кўргани кўпчиликка маълум. Ислом бир томоннинг бошқа томон тарафидан ҳар қандай кўринишда бўлмасин эксплуатация қилинишини тақиқлайди ва шу орқали ўзаро келишаётган томонлар ўртасида бойлик ва фаровонликка эришишда асосий саналган ишонч, ишбилармонлик муносабатларида эса ҳамкорлик ва тўғрилик муҳитини яратади.

Ғарарнинг тақиқланиши ислом молиясини спекулятив деривативлар (ҳосилавий қимматли қоғозлар) туфайли пайдо бўладиган катта тизимли хатарлардан қутқарди. Шу ерда машҳур сармоячи Уоррен Баффетнинг сўзларини ёдга оламиз: “Ҳосилавий қимматли қоғозлар молиявий қирғин қуролидир”. Кўпчилик молиячилар деривативлар қимор ўйинлариниг қонунийлаштирилган шакли эканлигини таъкидлашади.

Ва ниҳоят, ислом банк-молияси иқтисодий “пуфак” ва инқирозларни юзага келтирувчи ҳаддан ошиқ молиявий чайқов амалиётини (масалан, кўчмас мулк ва қимматли қоғозлар бозоридаги спекуляциялар жиддий инқирозларга олиб келади, уларнинг сўнггиси 2008 йилда юз берган жаҳон молиявий инқирозидир), шунингдек бойликларни адолатсиз равишда тақсимланишига олиб борувчи қимор ўйинларини тақиқлайди.

Тақиқлардан ташқари ислом молиясининг энг муҳим ва ажойиб хусусиятларидан бири унинг активлар билан таъминланган бўлиши шартлигидир. Молиялаштиришнинг анъанавий шаклида банк ва молия муассасалари фақат пул бирликлари билан ишлайдилар. Ана шунинг учун ҳам улар мол / маҳсулотлар билан савдо қилишни тақиқлайди. Ислом молиясида эса пул савдо моли сифатида тан олинмайди, чунки у ички қийматга эга эмас, у бор-йўғи алмашинув воситаси. Ислом банклари пул эвазига ички қийматга эга бирор нарсанинг устига устама қўйиб сотиш эвазига фойда олади. Шунинг учун ҳам анъанавий молия муассасаларидан фарқли равишда исломда молиялаштириш активларга асосланган.

Юқоридаги ҳолат ўз-ўзидан молиявий барқарорлик ва реал иқтисодий ўсиш ҳамда ривожланишни таъминлайди. Анъанавий банк кредити эса, иқтисодиётдаги реал сармояга қатъий алоқаси йўқ.

Активлар билан таъминланмаган кредитларни бериш, уларнинг кўламини кенгайтириш ва шу орқали жаҳон молия тизимини вақти-вақти билан инқирозларга гирифтор қилиш анъанавий банкларнинг асосий хусусиятидир.

Ваниҳоят, ислом молияси мушорака ва мудораба сифатида танилган ислом молия маҳсулотлари орқали фойда ва зарарни тақсимлаш тамойилини илгари суради. Мазкур илғор тамойил самарали ишлаб чиқаришни самарасиз ишлаб чиқаришдан ажратиб олиш имконини беради ва бойликларни яхшироқ тасарруф қилишга ҳисса қўшади (чунки ҳар икки томон бундан манфаатдор). Бу шунингдек, таъминланмаган пуллар кўпайишини ҳам олдини олади ва ижтимоий адолатни таъминлаш, ҳамда барча томонларнинг молиявий фаровонликка эришишига ҳисса қўшади.

 
 
Источник: Bank.uz


Система Orphus