«ТРАСТБАНК» ХАБГА 25 ЙИЛ! Банк бошқаруви Раиси ўринбосари Фурқат Самархўжаев билан эксклюзив суҳбат.

25.07.2019

«ТРАСТБАНК» ХАБГА 25 ЙИЛ!

 Банк бошқаруви Раиси ўринбосари Фурқат Самархўжаев билан эксклюзив суҳбат.


 –        Фурқат Иркинович, банкнинг 25 йиллик тўйини қандай кечинмалар билан кутиб олдингиз?

–        Мамлакатимиздаги илк хусусий банклардан бири бўлмиш “Трастбанк” ХАБнинг ходимлари унинг чорак асрлик фаолияти давомида банк-молия бозорида муносиб ўрин эгаллаши учун кунма-кун тиним билмай фаолият кўрсатишди, саъй-ҳаракат қилишди. Банк ташкил этилганидан кунлардан бошлаб хизмат қилиб келаётган ходимларимиз ҳам бор. Бундан ташқари, банк очилган 1994 йилдан бошлаб банкимизга ишонч билдириб, ҳисобрақамини банкимизда очиб фаолият юрита бошлаган ва ҳозиргача биз билан ҳамкорлик қилаётган мижозларимиз ҳам йўқ эмас.

Ўша вақтда янги иш бошлаган хусусий банкларга ишонқирамаган, мижозларни бундай  банкларда ҳисобрақам очишдан айнитганлар ҳам бўлган, албатта. Бироқ янгиликка интилувчи, нотаниш сўқмоқлардан юришдан чўчимайдиган, таваккалчилар, дангалчилар борки, ривожланиш бўлади. Пайтдан фойдаланиб, шу мураккаб йўлни банкимиз билан бирга босиб ўтган, аввалбошданоқ бизга ишонч билдирган мижозларимиз ва ҳамкорларимизга миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бугун банк эришган ютуқларда нафақат банкда меҳнат қилаётган ва унда ишлаб нафақага чиққан ёки бошқа жойларга ўтиб ишлаётган ходимлар, балки энг биринчи мижозларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.

Ўша вақтларда банкларда хизмат турлари у қадар кўп бўлмасди, қайси бир мижозга конвертация керак, қайси бир мижозни нақд пул олиш билан боғлиқ муаммолар қийнайди, кимдир катта миқдорда кредит олмоқчи бўлади ва ҳоказо. Шу масалаларни ҳал этиш учун ўша вақтларда банкдан банкка кўчиб ўтишлар, иккиламчи ҳисобварақ очиб ишлашлар кенг авж олган эди. Банкимиз ташкил этилганида у биржа савдоларига хизмат қилиши кўрсатилган бўлса-да, амалда банк кенг кўламдаги хизматларни таклиф эта бошлади, зеро универсал банк сифатида хизмат кўрсатиш йўли билангина соҳада кучайиб бораётган рақобатга бардош бера олиш мумкин эди. Кенг миқёсдаги хизматларни кўрсата оладиган банкни мижозларнинг ўзлари излаб топишади.

–        Банк ташкил этилган 90-йиллар қайси жиҳатлари билан ёдингизда қолган?

–        Бу давр банк тизими энди-энди шаклланиб, оёққа тураётган давр бўлганди, тизимда ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар талайгина эди. Ўша мураккаб даврлардан банкимиз муваффақият билан ўта олди. Ходимларнинг ўзларига бириктирилган вазифаларга виждонан муносабатда бўлишлари, тезкорлик, ҳозиржавоблик, билимдонлик каби сифатлари банкимизнинг мижозлар базаси кенгайиб, мустаҳкамланишида муҳим устунлардан бўлди. Банк ишида профессионаллик даражасига эришиш ҳам йиллаб меҳнат, машаққат, сабр-тоқат, тиришқоқликни талаб этади. Мана шундай ходимлар банкнинг асосий тиргаги сифатида молия бозорида муносиб ўрин эгаллашимизни таъминлаб берган асосий омиллардан бўлган, десам адашмайман. Уларнинг гарданида яна бир муҳим вазифа – тобора кенгайиб бораётган банкка ёш ходимларни жалб этиш ва уларга устозлик қилиш, билганларини ўргатишдан иборат устоз-шогирдлик анъаналарини давом эттириш ҳам бор эди.

Банк раҳбарияти ва ходимларининг меҳнатлари  самара бера бошлади – 2000-йилларга келиб банк барқарорлик кўрсаткичлари бўйича республиканинг ўртача катталикдаги банклари орасида муносиб ўрин эгаллади. Бу йилларга келиб банк тизимида йирик давлат банклари, ўртача катталикдаги банклар ва кичик банклар орасида фарқ яққол кўзга ташлана бошлаган эди.

–        Қисқа муддат ичида мамлакатимиз Президентининг банк фаолиятини янада ривожлантириш билан боғлиқ қатор фармон ва қарорлари имзоланди, улар ҳақида нима дея оласиз?

–        Соҳани янада ривожлантиришга йўналтирилган ҳар бир фармон ва қарорни ижобий қарши олдик. Тижорат банклари уларнинг фаолиятига хос бўлмаган функциялардан озод этилгани, кўплаб назоратчи ташкилотлар рўйхати кескин қисқартирилгани, нақд пул айланмаси назорати билан боғлиқ масалаларнинг кун тартибидан олиб ташланиши айни муддао бўлди. Натижада банк ходимлари 80-90% вақтларига ўзлари эгалик қила бошладилар ва кўпроқ саъй-ҳаракат ва имкониятларини асосий иш, яъни мижозларнинг талабларини кенгроқ ва тўлароқ қондириш, янгидан-янги банк маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, мижозлар билан индивидуал ишлаш, уларнинг муаммосига қулоқ тутиш ва имкон қадар тезроқ ижобий ҳал этиш кабиларга қарата бошладилар. Энг муҳим натижа шундан иборатки, аҳоли ва тадбиркорларнинг банкларга бўлган ишончи, банкларни ўзларининг молиявий маслаҳатчиси ва ҳамкори сифатида кўриши кундан-кун ортиб бормоқда. Банк қонунчилигининг босқичма-босқич такомиллаштириб борилаётгани ҳам банк тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар учун кучли юридик асос бўлиб хизмат қилмоқда.       

Кези келганда мамлакатимизда 2017 йилдан бошланган иқтисодий ислоҳотлар, шу жумладан, банк тизимида рўй бераётган кескин ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтиш лозим, деб ўйлайман. Орадан унча кўп вақт ўтмаган бўлса-да, аҳолининг банкка бўлган ишончи ортди, йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолар барҳам топди. Халқимиз меҳнаткаш халқ, тадбиркорларимиз том маънода тадбирли кишилардир. Ҳозирда амалга оширилаётган ишлар вақти келиб ўз самарасини беришига ва мамлакатимиз ривожланишда етакчи давлатлар билан беллаша оладиган даражага етишига ишончим комил. Мамлакатимизни дунёнинг етакчи давлатлари қаторида кўриш учун биз банкирлар ҳам баҳоли-қудрат ҳаракат қиляпмиз, албатта.

–        Фурқат Иркинович, хорижий банкларда ишлар қандай ташкил этилишини яхши биласиз. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон банклари жаҳон стандартлари бўйича ишлай оляптими?

–        Бу борада шахсий фикрим шундан иборатки, хорижий стандартларни тўлиқ қўллаш доим ҳам тўғри бўлавермайди. Албатта, биз хорижий шериклардан кўп нарса ўргандик ва уларнинг тажрибаларини жорий этяпмиз ҳам. Бироқ Ўзбекистон банкларининг мижозлар билан ишлаш борасида ўз тажрибалари бор ва ҳатто 2017 йилгача бўлган энг мураккаб даврларда ҳам банкларимизда мижозларнинг хоҳиш-истакларини бажариш борасида мақтанишга арзигулик катта тажриба тўпланган эди. Буни, таъбир жоиз бўлса, мамлакатимиз банклари учун хос бўлган ички стандартлар, дейиш мумкин. Яъни бизда ҳам мижозларнинг талабларини қаноатлантириш бўйича муайян тажриба тўпланган ва бу стандартларнинг афзал жиҳатлари ҳам талайгина. Масалан, халқаро тўловлар бўйича экспорт ёки импорт билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун зарур барча воситалар бизда ҳам мавжуд. Қимматли қоғозлар бозори ҳозирча унча ривожланмаган соҳалардан бири эканлиги эътироф этиляпти, бироқ уни ривожлантириш бўйича мамлакатимизда илк қадамлар ташландики, евробондлар, давлат облигациялари муомалага чиқарилгани каби янгиликлар шулар жумласидандир.  

Стандартлар масаласига қайтиб шуни айтиш жоизки, хорижий банклар ҳам биздан ўрганишлари мумкин бўлган нарсалар бор. Ҳозирда мамлакатимиз банкларида мижозлар ва аҳоли бугун биздан талаб этаётган, ривожланишнинг ҳозирги босқичи учун хос бўлган ҳамма шароитлар муҳайё этилган, десам муболаға бўлмайди. Ҳарҳолда, сўнгги 2-3 йил ичида соҳада рўй бераётган ижобий ўзгаришлар шундай дейиш учун менга тўла асослар беради.  

Аксарият банк хизматларининг кечаю-кундуз кўрсатила бошлагани банк тизимимизда эришилган энг катта ютуқлардан бири бўлди. Одатда 9.00дан 18.00гача давом этадиган “банк иш куни” деган атама бундан буён ўз аҳамиятини йўқота боради, деб ўйлайман. Бунинг учун республика тўлов тизими барча техник имкониятларга ва муайян тайёргарлик даражасига эга. Бугунми, эртами, бундай хизматлар барча банклар томонидан кўрсатила бошлайди, буни вақтнинг ўзи талаб қилмоқда. Қолаверса, банк хизматларидан кечасию кундузи фойдаланиш имконияти ҳозирги замон талаби, яъни ислоҳотларни тезроқ амалга ошириш учун кўпроқ ишлашимиз тақозо этилаётгани нуқтаи назаридан ҳам ўринлидир.  

–         Барча минтақалар Банк филиаллари билан қамраб олинганми? 

–        Бухорода филиал қурилиши ишлари жадал бормоқда. Банк акциядорлари ва, қолаверса, давр талаби шуки, биз филиаллар тармоғини янада кенгайтиришимиз ва барча минтақаларни ўз банк хизматларимиз билан қамраб олишимиз лозим. Минтақаларни филиаллар тармоғи билан тўлиқ қамраб олиш жойлардаги шарт-шароит, аҳолининг ва ўша ердаги тадбиркорлик субъектларининг хоҳиш-истаклари ўрганилиши, маркетинг тадқиқотлари ўтказилиши, салоҳиятли кадрлар бор-йўқлиги аниқланиши, олинган маълумотлар таҳлили каби ўзига хос тайёргарлик ишлари амалга оширилишини талаб этади.

–        Халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали Ўзбекистонга кириб келаётган пулларнинг миқдори камайганини нима билан изоҳлаш мумкин?

–        Тўғри, сўнгги вақтларда статистика маълумотлари республикага кириб келаётган хорижий валюта маблағлари оқими камайганини кўрсатмоқда. Бундан буён ҳам бу тенденция, назаримда, камайиш томонга ўзгаради. Боя айтиб ўтилганидек, сўнгги 2–3 йил ичида республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодий кўтарилиш, янгидан янги тижорат, уй-жой ва ижтимоий объектларнинг қурилиши кенг авж олгани, табиийки, ишчи кучига бўлган талаб ошишига олиб келди. Айтиш мумкинки, ҳозирда қурилиш ишлари нафақат катта шаҳарларда, балки қишлоқ жойларда ҳам катта суръатлар билан олиб борилмоқда. Яқин ва узоқ хориж мамлакатларига меҳнат миграцияси йўли билан иш топиш илинжида чиқиб кетган юртдошларимизнинг кўпчилиги ота-оналари ва фарзандлари бағрига қайтиб келишмоқда ва мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида ҳисса қўшишмоқда. Яна бир сабаб шуки, юртимизда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар кишиларни кичик бизнес билан, оилавий ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад олишга ундамоқда. Бунда махсус давлат дастурлари, тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш учун кўзда тутилган турли имтиёзлар аҳолининг  тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашда қўл келмоқда. Зеро тадбиркорлик билан шуғулланиш – халқимизга азалдан хос бўлган хислат. Шу маънода Президентимиз шахсан назоратга олган “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури халқимизнинг бу борадаги хоҳиш-истакларини янада жонлантириб юборди. Биз банкирлар эса давлат дастурлари амалга оширилиши учун қўлдан келганича ҳаракат қилиб келяпмиз.

Хусусий бизнесга давлат даражасида катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Иқтисодиёти юксак ривожланган мамлакатлар, масалан, Япония тажрибасидан маълумки, хусусий бизнес ҳар қандай мамлакат ривожланишида ўта муҳим аҳамият касб этади ва унинг келажакда янада ривожланишини таъминлайди.

­ ­Фурқат Иркинович, кредитлаш банк фаолиятининг асосий қисми, албатта. Бироқ олинган кредитлар вақтида қайтариляптими?

 ­– Аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш бўйича Давлат дастурлари асосида кредитлар бериш кенг йўлга қўйилгани катта иш бўлди. Тадбиркорлик билан илк бор шуғулланаётганларнинг аксарияти кредитнинг асосий қисмини ва унинг фоизларини вақтида қайтаришга масъулият билан ёндашмоқдалар, молиявий масалаларга жиддий муносабат билан қарамоқдалар. Молиявий муаммолар юзага келганда эса мутахассисларимиз қарз олувчиларга ўз маслаҳатлари билан ёрдам беришмоқда. Қарз олувчилар бу борада ёлғизланиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди.

Аҳоли ўзи истаган тадбиркорлик йўналишини танлаб, шу соҳада фаолият кўрсатаётгани “ҳамма ўз иши билан шуғулланиши лозим” деган фикрга айнан мос келяпти. Чунки ўзинг қизиққан, яхши кўрган ишинг билан шуғуллансанг албатта муваффақиятга эришасан. Бу – тажрибада исботланган ҳақиқат.    

–        Трастбанкда ишлаётганингизга 15 йил бўлибди, бу инсон ҳаётининг каттагина қисми, албатта. Банкирлик касби кишидан кенг билимларни эгаллашни талаб этади, шундай эмасми?

–        Банк тизимидаги узоқ йиллик фаолиятим давомида турли соҳа вакиллари, айниқса, тадбиркорларнинг турфа лойиҳаларини ўрганиб чиқиш, зарур ҳолларда банк томонидан молиялаштирилиши кўзда тутилган соҳаларни кўплаб ўрганишга тўғри келган. Яъни банкир фақат молия ва банк соҳасидаги билимлар билан чегараланиб қола олмайди ва доим ўз устида ишлаши, дунёқарашини бойитиб бориши лозим бўлади. Айтайлик, аҳолига турли давлат дастурлари бўйича кредитлар ажратиш вақтида, масалан, ёш оилаларга ипотека кредитлари бериш дейсизми, “Ҳар бир оила – тадбиркор” лойиҳаси бўйича боғдорчилик, полизчилик, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик соҳасими – бунинг учун ҳеч бўлмаганда умумий маълумотларга эга бўлиш лозим бўлади.   

Бироқ айрим нарсалар борки, биз бу билан шуғулланишни ташқи компаниялар – аутсорсерларга ишониб топширамиз. Масалан, банкимизда ташкил этилган колл-марказ хизматларини кўрсатиш учун бошқа компания билан аутсорсинг шартномасини тузганмиз. Чунки қўнғироқларга жавоб бериш ишларини ташкиллаштириш кўп вақт ва катта куч-ғайрат талаб қилади.  

–        Банкингизда имконияти чекланганларга кўрсатилаётган банк хизматлари, хусусан, яқинда йўлга қўйилган “Сурдо-таржимон” хизмати ҳақида гапириб беринг.

–        Бу хизматни таклиф этаётган компания ходимлари ўз маҳсулотларининг тақдимотини ўтказиб беришди ва бизни шу хизматга талаб борлигига ишонтира олишди. Ушбу компания билан тегишли шартнома имзоланган ва ҳозирда банкимизнинг барча филиалларида зарур дастурий таъминот ўрнатилган. Компания ходимлари банкимизга ташриф буюрган имконияти чекланганлар билан планшет ёрдамида мулоқот қилиб, банк ходимларига мижоз нима хоҳлаётганлигини тушунтириб беришади ва ўз навбатида ходимларимиз мижозларнинг, масалан, кредит олиш ёки омонатга маблағ қўйиш каби хоҳиш-истакларини бажо келтиришади. Бундай хизматлар мавудлиги ҳақидаги хос белги барча филиалларимизда ресепшн ёнига, кўринарли жойга ёпиштириб қўйилган. Бу тизим ишлаб кетди ва у мамлакатимиз банклари ичида биринчи бўлиб бизда жорий этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ундан фойдаланаётганлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда, бу ноу-хаудан хабар топган имконияти чекланганлар бизга мурожаат қилишяпти. Уларнинг оғирини енгил қила олаётганимиздан хурсандмиз. 

–        Хорижий молия муассасаларининг кредит линиялари билан ишлашда нималарга эътибор қаратиляпти?

–        Хорижий молия муассасалари билан ишлашда республикамиз банклари муайян тажриба тўпладилар. Жорий йилнинг 10 июнь куни Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорациясининг ижрочи директори Айман Амин Сежини бошчилигидаги делегацияни қабул қилдик. Мазкур Корпорация билан олиб борган музокараларимиз яхши натижа берди ва 7 млн АҚШ доллари миқдоридаги биринчи транш бўйича келишув имзоланди. Бу борадаги ишларни жадал суръатларда бошлаб юбордик ва мазкур маблағ тез орада тўлиқ тақсимланишига эришдик.

Кези келганда шуни айтишим керакки, халқаро молия муассасаларининг кредит линияларини жалб қилишдан асосий мақсад банкнинг фойдасини кўпайтириш эмас, балки молиялаштиришнинг янги манбалари ва йўналишларини ўрганишдир. Биринчи навбатда, бундай муассасаларнинг ишончини қозониш керак, яъни олинган маблағларни мақсадли лойиҳаларга тез йўналтириш, тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, ҳисоботларни вақтида ва шаффоф тарзда тақдим этиш, кредит линиялари орқали берилган кредитларнинг самарасини кўрсата билиш ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Биз маълум маънода хорижий ҳамкорлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш, уларнинг кредит линияларини жалб этиш, ҳужжатлар билан ишлаш, маблағларни тўғри сафарбар этиш, назорат, мониторинг ишларини йўлга қўйиш, ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга ўрганяпмиз. Айни пайтда мижозларимизни ҳам шундай маблағлар билан ишлашга ўргатяпмиз. Бу ишлар хориждан кредит линияларини жалб этаётган банкка катта масъулият юклайди. Бу – маълум маънода банкнинг имижини белгилайди.

Ўз навбатида, кредит линияларини шиддат билан ривожланаётган давлатларга йўналтириш халқаро молия муассасалари учун ҳам манфаатлидир. Улар ҳам биз билан ишлашга катта қизиқиш билан қарашмоқда. Хорижий кредит линиялари маблағлари ҳисобига савдони молиялаштириш – устувор аҳамият қаратилаётган йўналишлардан бири.

–        Фурқат Иркинович, сўнгги вақтларда банк тизимини тартибга солувчи фармон ва қарорларда аҳоли ва тадбиркорларнинг молиявий саводхонлигини ошириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада банкда қандай ишлар амалга оширяпти?

–        Банкда бугунги кунда 1147 нафар ходим ишлайди. 15 йил олдин “Трастбанк” тизимида 200 нафар ходим фаолият кўрсатган. Ўрта ҳисобда ҳар йили биттадан филиал очилса, бу ­­– ­банк жамоаси 70-80 кишига кўпайди, дегани. Табиийки, мижозлар базаси ҳам кенгайиб боради. Аҳоли ва тадбиркорларнинггина эмас, балки банкимиз ходимларининг ҳам молиявий саводхонлигини ошириш устида тинмай иш олиб борамиз. Биз минтақавий ўқувларни йўлга қўйганмиз. Бу нимани назарда тутади? Ишчи гуруҳи тузилади ва мазкур гуруҳ керакли йўриқномаларни олгач, бир йилда икки-учта вилоятга бориб, ўқув машғулотлари ўтказиб қайтади. Бу машғулотларнинг мавзуси, ўтказиладиган вақти ва жойи ҳақидаги маълумотлар веб-сайтимизда, Телеграм, Фейсбук ва Инстаграм  ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларимизда олдиндан жойлаштирилади. Камида департамент директори ёки унинг муовини даражасидаги ходимлар гуруҳи 1-2 кун давомида шу машғулотларда иштирок этишади. Бу машғулотлар давомида кредит олишдан тортиб банк кафиллиги ёки кафолатини расмийлаштириш, аккредитив очиш, сўмни хорижий влютага конвертациялашгача бўлган кенг қамровли масалалар атрофлича ёритилади ва у жонли, интерфаол мулоқот тарзида ўтади.

–        Банкда киберхавфсизлик масалалари қай аҳволда? Масофадан туриб банк хизматларидан фойдаланаётганларнинг маблағлари дахлсизлиги кафолатланганми?

–         Албатта, киберҳужумлар ҳозирги вақтда банк тизими ходимларини ҳам ташвишга солаётган муаммолардан бири. Банкимизда тегишли хизматлар ташкил этилган бўлиб, улар лозим бўлган дастурий таъминот ва керакли ускуналар, ҳимоя воситалари билан жиҳозланган ва юқори малакали мутахассислар билан таъминланган. Мижозларга масофадан туриб хизмат кўрсатиш имконияти ва қулайлиги яратилмоқда ва бундай хизматларнинг турлари ва кўлами кенгайиб, такомиллашиб бормоқда. Бироқ айни вақтда хавфсизлик масалаларини ҳам назардан қочирганимиз йўқ. Бу борада имкон қадар ҳушёр бўлишга ҳаракат қиляпмиз.

–        Келажак учун режаларингиз?

–        Авваламбор,  мамлакатимизнинг барча минтақаларига филиаллар тармоғи орқали етиб бориш, банк хизматларидан фойдаланувчиларга имкон қадар яқин бўлиш, шу йўл билан мижозлар базасини янада кенгайтириш, уларга сифатли хизмат кўрсатиш анъанасини давом эттириш, ахборот технологияларини жорий этишда замон талаблари билан ҳамнафаслик, хавфсизлик чораларини кучайтириш, тўловлар ўз вақтида амалга оширилишига оғишмай риоя қилиш, бу ишларни амалга оширишда илғорлар сафидан жой олиш, сонга эмас, балки сифатга устувор аҳамият қаратиш, бир жойда туриб қолмаслик ва доим олдинга интилиш.

–        Самимий суҳбат учун ташаккур! 

 Воҳид Умиров суҳбатлашди.

Фурқат Самархўжаев:

–        Банкимиз бош биноси жойлашган Навоий кўчасини жуда ёқтираман. Ишдан толиққан вақтларимда Ўрда бўйлаб, Бўзсув ёқалаб пиёда сайр қилишни хуш кўраман. Яқинда бир тарихий фотосуратга кўзим тушиб қолди. Оқ-қора бу фотосурат тахминан ўтган асрнинг 1938 йилларида олинган бўлиб, унда банкимизнинг ҳозирги жойлашган ўрнида икки қаватли пастқам иморат кўриниб турибди. Шу икки қаватли иморат ўрнига кейин қурилган бинода банкимиз дастлаб бир-иккита хонада иш бошлаган бўлса, ҳозирда “Г” ҳарфи шаклида қурилган кўркам бинога банкимиз тўлиғича эгалик қилмоқда. Катта миқёсдаги таъмирлаш ишлари ҳам ниҳоясига етай деб қолди. Ҳашаматли асосий кириш жойига қараб банкимизнинг ҳар бир ходими, мижозлари фахр туйғусини туйишади, албатта.

  

Trastbank 1994 yilda tashkil etilgan «Trastbank» aksiyadorlik birja banki O‘zbekiston Respublikasidagi eng etakchi banklaridan biri bo‘lib, u o‘z mijozlariga barcha turdagi keng ko‘lamli bank mahsulotlari va xizmatlarini ko‘rsatib kelmoqda.
Manba: Trastbank
O'xshash yangiliklar
Ислом банки - беозор банк

16.09.2019

Ислом банки - беозор банк

Экспортни ривожлантириш йўлидаги манфаатли ҳамкорлик

13.09.2019

Экспортни ривожлантириш йўлидаги манфаатли ҳамкорлик

Trastbank

Тошкент шаҳрида янги “Next” ва “Бешқайрағоч” банк хизматлари маркази очилди

10.09.2019

Тошкент шаҳрида янги “Next” ва “Бешқайрағоч” банк хизматлари маркази очилди

Trastbank



Orphus tizimi