АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Ахборот хизмати ва “Constant Trading” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси (“Constant Trading” МЧЖ ҚК) маъмурияти www.qalampir.uz веб-сайтида 2019 йил 5 декабрда эълон қилинган “Адлия вазирлигининг иши “Кариб денгизи қароқчилари” фильмидаги саҳнани эслатди” номли мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан “Constant Trading” МЧЖга кредит берилиб, ушбу кредит таъминоти сифатида жамиятга тегишли кўчмас мулк гаровга олинган.
Мазкур корхона мол-мулки билан боғлиқ низо 2019 йил 18 июлда Фарғона шаҳар маъмурий судида ва 2019 йил 29 августда вилоят маъмурий судида кўриб чиқилиб, “Constant Trading” МЧЖнинг мулк ҳуқуқига доир ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинган.
Ушбу хусусийлаштирилган кўчмас мулк бўйича хусусийлаштириш натижаларини бекор қилиш бўйича Олий судда иш кўриб чиқилаётган вақтда, ушбу масалада тушунтириш беришни сўраб банк томонидан жорий йилнинг 21 октябрида Адлия вазирлигига мурожаат қилинди.
Адлия вазирлиги АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”нинг мурожаатини кўриб чиқиб, жорий йилнинг 25 октябрида амалдаги қонунчиликка кўра давлат мулкини хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилиниши мумкин эмаслиги ҳақида ўз муносабатини билдирди.
Олий судда иш 2019 йил 1 ноябрда кўриб чиқилиб, “Constant Trading” МЧЖ ҚК фойдасига ҳал этилди.
“Constant Trading” МЧЖнинг мулки Фарғона шаҳар ҳокимининг 2019 йил 19 сентябрдаги 965-сонли қарори билан мулк самарасиз фойдаланилаётганлиги ва бўш турганлиги важи билан шаҳар ҳокимлиги захирасига олинганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича “Constant Trading” МЧЖнинг хорижий ҳамкори бўлган “Alpha International Consultancy DMCC” томонидан Адлия вазирлигига жорий йил 27 ноябрь куни мурожаат қилиниб, ҳокимнинг қарорини бекор қилишда амалий ёрдам сўралган.
Адлия вазирлиги хусусий мулк ҳуқуқи бузилишига сабаб бўлган Фарғона шаҳар ҳокимининг ушбу қарорини бекор қилиш бўйича жорий йилнинг 30 ноябрь куни Фарғона шаҳар ҳокимига тақдимнома киритди.
Бевосита Адлия вазирлигининг кўрсатган ёрдами мазкур муаммоли вазият ўз ечимини топишига туртки бўлди ва “Constant Trading” МЧЖнинг хусусий мулкка эгалик ҳуқуқи тикланди.
Бизга маълум бўлишича, вазирлик томонидан бутун республикада бу каби ҳолатлар таҳлил қилиниб, юқори ташкилотларга тегишли чоралар кўриш тўғрисида таклифлар киритилган. Қайд этиш лозимки, Адлия вазирлиги мазкур низоли иш бўйича суд ишларига жалб этилмаган.
АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Constant Trading” МЧЖ ушбу низо юзасидан холисона ўз муносабатини билдиргани, кўрсатган амалий ёрдами учун Адлия вазирлигига, низонинг адолатли кўриб чиқилгани учун Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ва Қува туман маъмурий судига ўз миннатдорчилигини билдиради.
Шуҳрат Орипов,
АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”
Ахборот хизмати раҳбари
Алишер Ходжаев,
“Constant Trading” МЧЖ ҚК
директори
АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Ахборот хизмати ва “Constant Trading” МЧЖ маъмуриятининг қўшма баёноти