JET: Endi komissiyasiz kartadan kartaga 52 mln so'mgacha o'tkazish mumkin Batafsil

Банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари ва уларни ривожлантириш истиқболлари

22.12.2017
Кўчириб олиш (PDF, 664 КБ) Маълумки, давлатнинг иқтисодий соҳаси ривожланишини самарали фаолият кўрсатувчи тўлов тизимисиз амалга ошириб бўлмайди. Самарали фаолият кўрсатувчи тўлов тизимлари давлат молия тизими барқарорлигининг асоси бўлиб, иқтисодиётда операцион харажатларни камайтириш, молиявий ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, молия бозори ликвидлигини ошириш ва пул-кредит сиёсатини муваффақиятли амалга ошириш учун хизмат қилади. Турли хорижий давлатлар тажрибаси тўлов тизимларининг ривожланиши биринчи навбатда тўлов воситалари ва хизматларини кенгайтириш натижасида банк операцион харажатларини камайтириш ва хизматлар самарадорлигини оширишга олиб келишини кўрсатмоқда. Шунинг билан бирга, банк карталари орқали онлайн тўловларни кенг қўлланилиши тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ банк хизматларининг самарадорлигини оширишга олиб келади. Бугунги кунда республика банклари томонидан банк карталари ёрдамида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини кенгайтириш мақсадида 19,3 млн банк карталари муомалага чиқарилган бўлиб, ушбу карталар орқали 2017 йилнинг ўн ойи мобайнида 36,9 трлн сўмга яқин транзакциялар ўтказилди. Банк карталари орқали ўтказилган операцияларнинг асосий қисми савдо тўлов терминаллари, банкоматлар ва инфокиосклар орқали амалга оширилган. Ҳозирги кунда жами ўрнатилган ва аҳолига хизмат кўрсатаётган терминаллар сони 235 минг дан ортиқ бўлиб, инфокиосклар сони эса қарийб 5,5 мингтани ташкил этмокда. Замонавий тўлов технологиялари ва масофавий банк хизматларини ривожланиши билан бир қаторда масофавий нақд пулсиз тўловлар сони ошиб бормокда. Жумладан, ҳозирги кунда мобил телефонлар орқали тўловларни амалга ошириш оммалашиб бормоқда. Бу борада банклар томонидан чиқарилган 3,7 млн. дан ортиқ банк карталарининг эгалари мобил тўлов тизимларидан фойдаланмоқдалар. Мобил тўлов тизимлари тижорат банклари томонидан мустақил ёки нобанк тижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда жорий қилиниб, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатмоқда. Булардан кенг тарқалган тизимлар қаторида Click, Payme, M-bank ҳамда Хамкорбанк, ТИФ Миллий банки, Агробанк, Асакабанкнинг мобил тўлов тизимларини кўрсатиш мумкин. Тижорат банкларининг чакана тўловлар, шу жумладан, банк карталари воситасида амалга оширилган тўловлар бўйича ўзаро ҳисоб-китоблари Марказий банкнинг Клиринг тизими орқали амалга оширилади. Шунингдек, Марказий банкнинг Клиринг тизими, чакана тўлов тизимлари билан биргаликда ишлашидан ташқари, Молия вазирлиги Ғазначилигининг ахборот тизими ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг биллинг тизимлари билан интеграция қилинган ҳолда тўловларни ўтказиш имконини беради. Мобил тўлов тизимлари орқали кўрсатилаётган хизматлар асосан мобил операторлар, интернет провайдерлар хизматлари учун (нобанк чакана тўлов тизимлари орқали) тўловларни ўтказиш бўлиб, коммунал тўловлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни Клиринг тизими орқали ўтказиш салмоғи юқори бўлиб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган ўн ойи мобайнида Марказий банкнинг Клиринг тизими орқали хизмат кўрсатувчи ва бошқа ташкилотлар ҳисобига амалга оширилган тўловлар суммаси 4 трлн. сўмга етиб, транзакциялар сони 31 млн.дан ошди. Ҳозирги кунда тижорат банклари томонидан онлайн-банкинг технологияларини, жумладан, мобил банкинг хизматларини реал вақт режимида кўрсатиш тизимларини янада ривожлантириш, барча банкларнинг карталарини тўлиқ қамраб олиш мақсадида жисмоний шахслар учун мобил тўлов дастурларини яратиш ва жорий қилиш бўйича режа-графикларни ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, мобил тўлов дастурлари имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Марказий банкнинг Клиринг тўлов тизими асосида банклардаги хисобрақамларни бошқариш, картадан картага, ҳисобрақамдан ҳисобрақамга тўловларни амалга ошириш, онлайн кредитлар бериш (кредитларни сўндириш) ва тўловларни амалга ошириш, онлайн жамғармалар очиш, савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчаларига онлайн тўловларни амалга ошириш имкониятини берувчи механизмлар синовдан ўтказилмоқда. Ушбу мехнизмларнинг ягона платформада жорий қилиниши, банк мижозлари – жисмоний шахсларга банкдаги ўз ҳисобрақамларини ҳар куни 24 cоат (дам олиш ва байрам кунларисиз) тасарруф этиш имкониятини яратади. Ҳозирги кунда Клиринг тизими орқали ТИФ Миллий банки, Қишлоққурилишбанки, Хамкорбанк, Ипотека банки, Ўзсаноатқурилишбанки, Ипак Йули банки, Туронбанк, Туркистонбанк мижозлари Р2Р-тўловларини ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бу рўйхат доимий равишда кенгаймоқда. Нақд пулсиз тўловларни ривожлантириш борасида 2018 йилда банклар томонидан мобил тўлов дастурлари ёрдамида QR code ва NFC каби технологиялар асосида контактсиз тўловларни ўтказиш ва қабул қилиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда. Бу имкониятлардан бозорларда, сайёр ярмарка ва, айниқса, транспортда фойдаланилиш аҳоли учун қулай бўлади. Таъкидлаш жоизки, мобил тизимларнинг функционал имкониятларини кенгайтириш ўз навбатида, фойдаланувчиларни масофадан идентификация қилиш тизимларини ривожлантириш заруриятини яратади. Масофадан идентификация қилиш банк хизматларини соддалаштирган ҳолда, банк операцияларини назорат қилиш талабларини таъминлайди. Мижозлар учун эса банк хизматларидан қоғоз ҳужжатларни қайта тақдим этмаган ҳолда фойдаланиш, банкнинг бир филиали мижози бўла туриб, бошқа филиаллари, ва келажакда, бошқа банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини беради. Ўз навбатида, масофавий идентификация қилиш банк хизматлари таннархи камайиши натижасида янги мижозларни жалб қилиш ҳамда молия бозорида рақобатни ривожлантириш имкониятини беради. Натижада бу ишларни йўлга қўйиш банк даромадини оширишга ҳам туртки бўлади. Шунинг учун 2018 йилда банк мижозлари бўлган жисмоний шахсларни рўйхатга олиш ва уларга хос рақам беришни жорий қилиш орқали Банк депозиторларининг миллий ахборот базасини (БДМАБ) модернизациялаш режалаштирилган. Жисмоний шахсларга хос рақам ажратиш “Электрон ҳукумат” тизими учун ҳам долзарб бўлиб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақамини идентификатор сифатида ахборот тизимларига жорий этиш таклиф қилинмоқда. Масофавий банк хизматларини (мобил-банкинг, интернет-банкинг) кенг жорий қилиш, ўз навбатида, янги банк хизматлари бўйича тегишли маркетинг ишларини олиб борилишини тақозо этади. Хорижий амалиётда, интернетнинг интерактив имкониятларидан фойдаланувчи банклар ижтимоий тармоқларда фаол реклама кампанияларини олиб борадилар. Республикада фаолият юритаётган тижорат банклари ижтимоий тармоқлардан банк маҳсулотлари ва хизматлари бўйича маркетинг ишларини олиб бориш учун фойдаланишмоқда. Банклар томонидан (Ҳамкорбанк, Универсалбанк, Капиталбанк, Агробанк) ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган аккаунтлар банк маҳсулоти ва хизматлари бўйича маркетинг ишларини олиб боришнинг асосий воситаси бўлиб, мижозлар билан ўзаро алоқа ўрнатиш, мижоз тўғрисида керакли маълумотни йиғиш, мижозларни қўллаб қувватлаш сифатини ошириш учун хизмат қилмоқда. Мисол учун, Агробанк ва Ҳамкорбанк ижтимоий тармоқлар орқали ўз мобил иловаларини доимий равишда тақдим қилади ва қайта алоқа сифатида фойдаланувчиларнинг таклиф ва эътирозлари ижтимоий тармоқда билдирилади. Натижада фойдаланувчиларнинг, яъни банк мижозларининг истакларига оператив равишда жавоб берилади, зарур ҳолларда тадбирлар амалга оширилади. Шунинг учун ижтимоий тармоқлар банклар учун мижозлар билан алоқа қилишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
Trastbank 1994 yilda tashkil etilgan «Trastbank» aksiyadorlik birja banki O‘zbekiston Respublikasidagi eng etakchi banklaridan biri bo‘lib, u o‘z mijozlariga barcha turdagi keng ko‘lamli bank mahsulotlari va xizmatlarini ko‘rsatib kelmoqda.
Manba: Trastbank
O'xshash yangiliklar
Paynet Londondagi: Innovate Finance Global Summit 2025’da ishtirok etdi

02.05.2025

Paynet Londondagi: Innovate Finance Global Summit 2025’da ishtirok etdi

Octobank yilni ko‘rsatkichlarning o‘sishi va xalqaro e’tirof bilan boshladi

01.05.2025

Octobank yilni ko‘rsatkichlarning o‘sishi va xalqaro e’tirof bilan boshladi

Unsiya uchun 3000 dollardan ortiq! Oltin narxlari yana rekordlarni yangilamoqda.

30.04.2025

Unsiya uchun 3000 dollardan ortiq! Oltin narxlari yana rekordlarni yangilamoqda.



Orphus tizimi