JET: Kartadan kartaga 200 million so'mni komissiyasiz o'tkazish mumkinmi? Batafsil

Банк тизими кўрсаткичларида барқарорлик сақланиб қолмоқда

16.04.2016
Республика Марказий банкида банк тизимининг 2016 йил I чорагидаги фаолияти якунлари ҳамда жорий йилнинг 15 январида Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов томонидан белгилаб берилган 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларининг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда ижро этилишини таъминлашга бағишланган кенгайтирилган Бошқарув мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Марказий банки раиси Файзулла Муллажонов бошқарди. Қайд этилдики, ҳисобот даврида Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати 2016 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилишига, давлатимиз раҳбарининг банк тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишга қаратилган фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилди. Ҳисобот даврида мамлакатимиз банк тизимининг капиталлашув даражасини ошириш, унинг ликвидлигини янада мустаҳкамлаш, барқарорлигини кучайтириш борасида кенг қамровли тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада банк тизимида эришилган кўрсаткичлар нафақат халқаро умумқабул қилинган меъёрларга мос келади, балки айрим йўналишлар бўйича ундан ҳам юқори кўрсаткичларга эришилди. Хусусан, бугунги кунда банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 23,6 фоизни ташкил этиб, у халқаро банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз қилиб белгиланган талабга нисбатан қарийб 3 баробар зиёддир. 2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, банкларнинг умумий капитали 8 трлн. сўмдан ошиб кетди. Банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси бир неча йилдан буён 64,5 фоиздан юқори бўлиб, бу кўрсаткич ҳам жаҳон амалиётида умумқабул қилинган минимал кўрсаткичдан 2 баробардан ортиқдир. Банк активлари 2015 йилнинг 1 апрель ҳолатига нисбатан 25,4 фоиз ўсиб, бугунги кунда 69,7 трлн. сўмга етди. Банкларнинг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар уларнингнинг кредитга лаёқатлилик бўйича халқаро рейтинг баҳолари олишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан, Мoody’s халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболларига кетма-кет олтинчи йил «барқарор» рейтинг баҳосини берди. Standard & Poor’s ва Fitch Ratings рейтинг агентликлари ҳам Ўзбекистон банк тизими фаолиятини «барқарор» баҳоламоқда.  Бугунги кунга келиб, республикамизда фаолият кўрсатаётган 26 та тижорат банкининг барчаси нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг «барқарор» рейтинг баҳоларига эгалар. Банк тизими фаолиятининг асосий индикаторлари, чунончи, «банкларнинг умумий капитали етарлилиги», «тижорат банкларининг ликвидлиги», «депозитлар ҳажмининг динамикаси», «кредит қўйилмалари ҳажмининг ўзгариши» 2016 йилнинг I чораги якунлари бўйича юқори баҳоларга мос бўлди. Банклар томонидан 2016 йил учун устувор вазифа қилиб белгиланган саноатда юқори технологияли ва замонавий бўлган энг муҳим объектлар ҳамда қувватларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва модернизациялашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 2015 йилнинг 1 апрель ҳолатига нисбатан 26,7 фоиз кўпайиб, шу йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 44,1 трлн. сўмни ташкил этди. Инвестицион кредитлар миқдори ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 баробар ошиб, 2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 2,7 трлн. сўмни ташкил қилди. Республикамиз раҳбарининг кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш борасида қабул қилинган фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида соҳа субъектларига ажратилган кредитлар ҳажми 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўпайиб, 2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 3,6 трлн. сўмни ташкил этди. Жумладан, микрокредитлар ҳажми 772,9 млрд. сўмдан ошиб, бу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар ўсди. Тижорат банклари томонидан аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредитлар миқдори 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар ошиб, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 409,7 млрд. сўмдан ошиб кетди. Шунингдек, банклар томонидан ёшларни, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга ҳам жиддий эътибор бериб келинмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида мазкур йўналишга 63,4 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, мазкур кўрсаткич ҳам 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробардан зиёдга ошди. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда банк тизимини ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш борасида эришилган ютуқлар Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг тадбиркорлик фаолиятини юритиш шарт-шароитлари бўйича «Doing Businees-2016» навбатдаги йиллик ҳисоботида яна бир бор ўз тасдиғини топди. 2015 йилнинг октябрь ойида чоп этилган ҳисоботга кўра кредитлаш шартлари бўйича сўнгги уч йилда мамлакатимиз рейтинги 113 поғона, яъни 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилди. Хусусан, ушбу кўрсаткич бўйича кўтарилиш 2013 йилда 24 поғона, 2014 йилда 25 поғона ва 2015 йил якуни бўйича 63 поғонани ташкил этди. Шунингдек, «Кредит ахбороти алмашинуви индекси» бўйича Ўзбекистон банк тизими мавжуд 8 балли тизимда 7 баллга баҳоланди ва бу кўрсаткич Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OSED)га аъзо баъзи давлатлар ўртача кўрсаткичидан юқоридир. Мамлакатимиз банкларининг барқарор ҳолати, банк тизимига бўлган ишончнинг йилдан-йилга ошиши ҳамда аҳоли реал даромадларининг ўсиб бориши аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларининг бўш пул маблағларини омонатларга жалб қилишнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Тижорат банкларининг ресурс базасини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида банкларнинг жами депозитлари миқдори йилдан йилга ошиб бормоқда. Хусусан, ушбу кўрсаткич 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 27,6 фоиз ўсиб, 2016 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 36,8 трлн. сўмни ташкил этди. Ҳисобот йилида молиявий хизматлар таркибида, бевосита банк хизматларининг улуши 89,6 фоизга етиб, бу кўрсаткич ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 баробар ошди. Бу эса, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига замонавий банк хизматлари кўрсатиш сифати ва кўламини кенгайтириш борасида кўрилаётган мақсадли чора-тадбирларнинг самарасидир. Республикамизда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони мутассил ортиб, уларнинг умумий сони бугунги кунга келиб 17,1 млн. донадан ошиб, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган ҳисоб-китоб терминалларининг сони эса 190,8 мингтага етди. Шу билан бирга, мажлисда банклар томонидан мижозларга замонавий банк хизматлари кўрсатиш ва аҳолининг банкларга бўлган ишончини янада ошириш борасида мавжуд ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётган айрим тижорат банклари ҳамда уларнинг бўлим ва филиаллари фаолияти қаттиқ танқид қилинди. Мажлисда мамлакатимиз Президентининг 2015 йил 6 майда қабул қилинган “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига мувофиқ тижорат банкларининг фаолиятини халқаро стандартлар ва принципларга мувофиқ баҳолаш, тартибга солиш ҳамда назорат қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, банк хизматлари турларини янада кенгайтириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жадал тадбиқ этишнинг устувор вазифалари белгилаб олинди. Шунингдек, мажлисда барча банклар раҳбарлари зиммасига “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ҳамда 2016 йилда иш ўринларини ташкил этиш дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш вазифаси ҳам юклатилди.
Manba: cbu.uz
O'xshash yangiliklar
“Fitch Ratings” xalqaro reyting agentligi “Kapitalbank”ga “Barqaror” prognoz bilan “B” darajadagi reytingini berdi

04.07.2024

“Fitch Ratings” xalqaro reyting agentligi “Kapitalbank”ga “Barqaror” prognoz bilan “B” darajadagi reytingini berdi

“S&P Global Ratings” xalqaro agentligi "Kapitalbank" reytingini “B”dan “B+”ga ko‘tardi.

02.07.2024

“S&P Global Ratings” xalqaro agentligi "Kapitalbank" reytingini “B”dan “B+”ga ko‘tardi.

Uzum Bank Markswebb versiyasi bo‘yicha banklar va to‘lov servislari ilovalari orasida birinchi o‘rinni egalladi
Uzum Bank Markswebb versiyasi bo‘yicha banklar va to‘lov servislari ilovalari orasida birinchi o‘rinni egalladi



Orphus tizimi