Халқаро валюта фонди иқтисодиёт йўналишидаги талабаларни “Fund Challenge 2021” танловида иштирок этишга таклиф этади. Ушбу танлов асосий макроиқтисодий таҳлил ҳақида тушунча ҳосил қилиш, Фонд фаолияти билан танишиш ҳамда ёшлар, олий таълим муассасалари ва давлат идоралари билан мулоқотни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.
Танловда иштирок этиш шартлари:
Иштирокчилар иқтисодиёт ёки шу соҳага боғлиқ бўлган бошқа йўналишда бакалавр талабаси бўлиши зарур.
Ҳар бир олий ўқув муассасасидан иккита талабадан иборат гуруҳ тузилиши керак. Битта университетдан бир нечта жамоалар иштирок этиши мумкин, аммо финал босқичига фақат битта жамоа чиқа олади.
2021 йил 5 майга қадар иштирокчилар Fund Challenge сайтида рўйхатдан ўтишлари керак. Рўйхатдан ўтиш жараёнида иштирокчининг ҳақиқатдан ҳам иқтисодиёт йўналиши талабаси эканлигини тасдиқловчи ОТМ ўқитувчисининг маълумотлари киритилиши зарур.
Ҳар бир гуруҳ аъзоси 2021 йил 10 майдан 30 июнгача макроиқтисодий диагностика онлайн курсини муваффақиятли якунлаши керак. Курс иштирокчилар учун бепул ўтилади, аммо талабалар edХ платформасидан алоҳида рўйхатдан ўтишлари лозим. Курс сертификатига эга бўлишни истаган талабалар edХ платформасидан тасдиқланган сертификатни олишлари керак. Курс бўйича иш ҳажми ҳафтасига тахминан 6-8 соатни ташкил қилади. Курсга кириш тафсилотлари ва техник талаблар бўйича тўлиқ маълумот 2021 йил 7 майда эълон қилинади.
Онлайн курсни муваффақиятли тугатган жамоалардан амалий тадқиқот ўтказиш сўралади. Кейин ҳар бир жамоа (а) тадқиқот мавзуси бўйича жорий иқтисодий вазиятни тавсифловчи ва (б) аниқланган муаммоларни ҳал қилиш йўлларини тавсия этувчи тақдимотни топширади. Тақдимотлар инглиз ёки француз тилларида тайёрланиши ва исталган форматда тақдим этилиши мумкин (MS PowerPoint формати тавсия этилади). Тақдимотларни топшириш жараёни ва муддати тўғрисидаги маълумотлар 2021 йил 4 августда маълум қилинади.
Финал босқичига чиққан жамоалар 2021 йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган ХВФнинг йиллик йиғилишларида виртуал (масофавий) тарзда қатнашиш имкониятига эга бўладилар. Бу эса бутун дунёдаги сиёсатчилар, академиклар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари билан учрашиш имкониятини беради.
Саволингиз бўлса, IMF-FundChallenge@imf.org электрон манзилига мурожаат қилинг.
Халқаро валюта фондининг “Fund Challenge 2021” танловида иштирок этинг