“Трастбанк” хусусий акциядорлик банки жорий йилнинг 8 декабрь куни Самарқанд шаҳрининг “Registon Palace” меҳмонхонасида ходимларнинг билим ва малака кўникмаларини ошириш мақсадида “Кредитлашнинг замонавий шакллари ва унинг ҳуқуқий асослари” мавзусида семинар-тренинг ўтказди.
Унда Банк Бошқаруви Раисининг ўринбосари Камил Габбазов, тегишли департамент директорлари ва мустақил бошқармалар бошлиқлари, банкнинг ҳудудий филиалларидаги банк хатарларини бошқариш, кредитлаш ва инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш, кичик бизнес субъектларини кредитлаш ва мониторинг қилиш ҳамда юридик хизмати бўлимларидан иборат 120 га яқин мутахассислар иштирок этди.
“Трастбанк” хусусий акциядорлик банки бошқаруви раисининг ўринбосари Камил Габбазов банк Бошқаруви номидан семинар иштирокчиларини бугунги қутлуғ сана – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллик байрами муносабати билан самимий муборакбод этаркан, банк тизимида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришга хизмат қилиши, банк томонидан ажратилаётган кредитлар ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда зарур манба ҳисобланишини, албатта бу жараёнда эса банк тизими ходимларининг билим малакаларини янада ошириш ва мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори банк тизими ривожида муҳим дастуриламал бўлмоқда.
“Тадбирдан кўзланган мақсад – банкимизнинг барча филиалларида фаолият юритувчи мутахассисларнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган банк хизматлари сифатини янада яхшилаш ҳақидаги билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда банк фаолиятида юзага келаётган муаммоларнинг олдини олишда амалга ошириладиган ишлар юзасидан батафсил маълумот беришдан иборат.
Хусусан, кредитлаш тизимига замонавий ёндашув, инвестицион фаолиятни мувофиқлаштириш, кредит буюртманомаларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, кредитни расмийлаштиришнинг ҳуқуқий асослари, пластик карточкалар бўйича овердрафт кредитларини расмийлаштириш, муаммоли кредитларнинг пайдо бўлиш омиллари ва уларнибатараф этиш услублари, скоринг операциялари тушунчаси ва улардан фойдаланиш,хорижий кредит линиялари бўйича пул маблағларини ўзлаштиришда ташаббускорларга қўйиладиган талаб, шунингдек ISO 9001:2015 стандарти тушунчалари ва амалиётда қўллаш услублари бўйича батафсил маълумотлар берилди”, - дейди “Трастбанк”нинг кичик бизнес субъектларини кредитлаш ва мониторинг қилиш департаменти директори Фаррух Закиров.
Семинар жараёнида ҳудудий филиалларимизда фаолият юритаётган ҳар бир ходимга аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сифатли банк хизматлари кўрсатиш борасида аниқ йўналиш ва вазифалар батафсил тушунтирилди. Ўйлайманки, бугунги семинарда иштирок этган ҳар бир ходим вилоят миқёсида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мавжуд саволларига бевосита жавоб олган ҳолда ўз соҳаси бўйича зарурий кўрсатма ва билимга эга бўлди.
Семинарнинг шундай қутлуғ санада яъни - 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунида, айнан салкам 3000 йиллик тарихга эга бўлган навқирон Самарқанд шаҳрида ташкил этилганлиги банкнинг ҳар бир ходимида байрамона ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфият бахш этди.
Мен ишонч билан айтишим мумкинки, бугун банкнинг ҳар бир ходими ўз соҳаси бўйича зарур малакавий билимга эга бўлиш билан бирга ўзгача таассурот олди. Мана шу гўзал Самарқанд шаҳрида ташкил этилган семинар-тренинг банкимизнинг катта жамоасини жипслаштириб, ўзаро фикр алмашишга ҳамда жамоавий руҳни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшди”, - дея сўзини якунлади Фаррух Закиров.
Тадбир давомида “Кичик бизнес субъектларини кредитлашга замонавий ёндашув”, “Инвестициявий фаолиятни мувофиқлаштириш ва бу соҳани ривожлантириш бўйича қабул қилинган Давлат дастурлари ижросини таъминлаш”, “Қарздорларнинг кредит буюртмасини кўриб чиқилиши ва маъқулланиши”, “МСФО тушунчаси ва уни амалиётда қўллаш усуллари”, “Кредит операциясини расмийлаштиришнинг ҳуқуқий асослари”, “Муаммоли кредитларнинг пайдо бўлиш омиллари ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари”, “Скоринг операциялар ва ундан фойдаланиш тушунчалари”, “Хорижий кредит линиялар ажратишда қўйиладиган талаблар”, “ISO 9001:2015 стандарти тушунчалари ва амалиётда қўллаш услублари” бўйича департамент ва мустақил бошқармалар томонидан тайёрланган ўқув-услубий тақдимотлар ва амалиётда қўллаш истиқболлари ҳақида маърузали чиқишлар қилинди.
Шунингдек, семинар давомида барча ўтилган назарий билимларни амалий кўникмалар билан янада мустаҳкамлаш мақсадида муаммоларга сабаб бўлувчи ҳолатлар ташкил этилиб, интерфаол усуллардаги ўйинлар орқали ходимларда мустақил фикрлаш қобилиятларини янада ривожлантириш имконияти яратилди.
- “Ўтказилган ўқув-семинар ниҳоятда самарали бўлди, - дейди банкнинг Қарши филиали кредитлаш ва молиялаштириш бўлими бош мутахассиси Лазиз Қобилов. Бу тренингда нафақат скоринг операциялар ва ундан фойдаланиш тушунчаларидан, балки банк ишининг самарадорлигини ошириш сирларидан бохабар бўлдик, “ISO 9001:2015 стандарти тушунчалари ва амалиётда қўллаш услублари тажрибаси билан яқиндан танишдик”, - деди Лазиз Қобилов.
Семинар-тренинг сўнггида 2018 йил давомида самарали меҳнат қилган филиал ходимлари диплом ва совғалар билан тақдирландилар.
Trastbank
1994 yilda tashkil etilgan «Trastbank» aksiyadorlik birja banki O‘zbekiston Respublikasidagi eng etakchi banklaridan biri bo‘lib, u o‘z mijozlariga barcha turdagi keng ko‘lamli bank mahsulotlari va xizmatlarini ko‘rsatib kelmoqda.
“Кредитлашнинг замонавий шакллари ва унинг ҳуқуқий асослари” мавзусида семинар ўтказилди