JET: O'zbekistonda eng manfaatli kredit kartasini qaysi bank taklif qiladi? Batafsil

Марказий банк Бошқаруви 2020 йил 22 октябрда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

22.10.2020
Ушбу қарор реал фоиз ставкалар ижобийлигини сақлаб қолиш, юзага келган вақтинчалик инфляцион хатарлар фонида, иқтисодий фаолликни янада рағбатлантириш учун қулай шароитларнинг яратилиши ва ўрта муддатли даврда инфляция динамикасининг янада секинлашиши ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган.


Марказий банк инфляциянинг йил якуни бўйича прогнозини йиллик 11-12,5 фоиз даражасида сақлаб қолди ва Ҳукумат билан биргаликда унга эришиш учун барча зарурий чораларни кўради.


Асосий ставка бўйича келгусидаги қарорлар инфляциянинг жорий ва прогноз динамикасининг шаклланиши, шунингдек ички ва ташқи хатарларни баҳолаш асосида қабул қилинади.


Инфляция ва инфляцион кутилмалар. Жорий йилнинг сентябрь ойида йиллик инфляция даражаси 11,7 фоизни ташкил этди. Шунингдек, ёз мавсуми давомида нархлар ўсишининг сезиларли секинлашишидан сўнг сентябрь ойида инфляциянинг маълум даражада тезлашиши кузатилди.


Жорий йил сентябрь ойида инфляция суръатлари августга нисбатан тезлашди. Инфляциянинг тезлашиши, асосан, карантин чекловлари бекор қилинганидан сўнг ялпи талабнинг тикланиши, мавсумий омиллар ва айрим асосий товарлар нархларининг ўсиши билан боғлиқ бўлди.


Мева ва сабзавотлар нархларининг йиллик ўсиши сентябрь ойида 13,9 фоизни ташкил этди. Базавий инфляция даражаси эса, аксинча, пасаювчи тенденцияга эга бўлди ва йиллик 11,9 фоизгача пасайди.


Сентябрь ойининг сўнгги ўн кунлиги ҳамда октябрь ойида айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг (шакар - 19,9 фоизга, кунгабоқар ёғи - 17,9 фоизга, ун - 2,6 фоизга) ўсиши сезиларли даражада тезлашди. Бу, ўз навбатида, таклиф омилларини тартибга солиш бўйича чоралар ишлаб чиқиш, хусусан, товарлар бозорида рақобатни ривожлантириш ҳамда асосий озиқ-овқат маҳсулотларнинг жаҳон бозорларидаги нархлари ва маҳаллий нархлар ўртасидаги номутаносибликларни бартараф этиш заруриятини юзага келтиради.


Бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирларни инобатга олиб, инфляцияни оширувчи ушбу омилларнинг таъсири қисқа муддатли характерга эга бўлиши ҳамда узоқ муддатли инфляция трендига сезиларли таъсир кўрсатмаслиги кутилмоқда.


Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари жорий йилнинг август ойига нисбатан сезиларли ўзгаришларсиз қолди. Шу билан бирга, сезилган инфляция даражаси ва инфляцион кутилмалар амалдаги инфляцияга нисбатан юқори даражада сақланиб қолмоқда.


Ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, респондентлар келгуси ойларда нархларнинг ошишини, биринчи навбатда, пандемия таъсири, монопол товар ва хизматлар нархларининг қимматлашиши ҳамда рақобат муҳитининг ёмонлашуви билан изоҳлашмоқда.  


Иқтисодий фаоллик. 2020 йилнинг III чорагида иқтисодий ўсишнинг босқичма-босқич  тикланиши ва иқтисодий фаолликнинг жонланиши тендециялари кузатилди.


III чорак якунлари бўйича иқтисодий ўсиш I ярим йилликка нисбатан бироз тезлашиб, 0,4 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, қисқа муддатли прогноз даврида иқтисодий ўсиш дастлабки ҳисоб-китобларга нисбатан паст бўлиши кутилмоқда. Бу уй хўжаликлари даромадларининг карантин даврида пасайганллиги, истеъмолдаги эҳтиёткорона ёндашув ва иқтисодиёт айрим тармоқларининг тўлиқ тикланмаганлиги сабабли ўсиш суръатларининг инқироздан олдинги даражасига етиши узоқроқ вақт талаб этиши билан боғлиқ.


Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажми 2,7 фоиз бандга қисқарган бўлса, кўрсатилган хизматлар ҳажмининг ўсиш суръати 1,8 фоизгача пасайди. Қишлоқ хўжалигида эса, аксинча, ижобий динамика кузатилиб, ўсиш суръати 2019 йилнинг мос даврига нисбатан тезлашди ва 3,4 фоизни ташкил этди.  


Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган ўтказмаларнинг умумий сони июль-август ойларидаги пасайишдан сўнг сентябрь ойида тиклана бошланди ва ўтган ойга нисбатан 6,3 фоизга ошди. 


Август-сентябрь ойлари давомида савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш соҳасида нақд пул тушумлари ҳажми ўсишининг тикланиши кузатилди. Сентябрь ойида нақд пул кўринишидаги тушумлар ва бошқа даромадлар ҳажми ўтган ойга нисбатан 23,2 фоизга ошган бўлса (шу йилнинг январь ойига нисбатан 5,9 фоизга), октябрь ойида ўртача кунлик ўсиш суръати сентябрга нисбатан 6,3 фоизни ташкил этди.


Амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда иқтисодиёт тармоқларда кутилаётган ўсиш тенденциялари ва 2019 йилнинг IV чорагида олдинги чоракларга нисбатан иқтисодий ўсиш суръатларининг пастроқ бўлганлигини ҳисобга олган ҳолда 2020 йил якуни бўйича ЯИМ ўсиш суръатининг 1-1,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.


Пул-кредит шароитлари. III чоракда иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолди. Банклараро пул бозорида депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари фоиз коридори доирасида шаклланди ва сентябрь ойида йиллик 14,8 фоизни ташкил этди. 


Жорий йил сентябрь ойида асосий ставканинг пасайтирилиши, пул бозоридаги операциялар ҳажмининг ошиши ҳамда фоиз ставкаларнинг мақбул даражасини таъминлаш бўйича амалга оширилган чоралар иқтисодиётда фоиз ставкаларининг бир маромда пасайиб боришида ўз аксини топди. Миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалар жорий йил сентябрь ойида 19,8 фоизгача пасайди.


Жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги банк депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалар эса сентябрь ойида 17,3 фоизни ва юридик шахсларники бўйича 14,8 фоизни ташкил этди.


Жорий йил апрель ойидаги сўм курсининг тўғриланишидан сўнг алмашув курси динамикаси маълум бир тебранишлар билан характерлниб, асосан хорижий валютага бўлган ички фундаментал талаб ва таклиф омиллари таъсирида шаклланмоқда. Жорий йил III чорагида сўмнинг алмашув курси қарийб 1,5 фоизга қадрсизланди. 2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида эса алмашув курси девальвацияси 8,6 фоизни ташкил этди.


Хатарлар ва ноаниқликлар. Келгуси ойларда, иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарларнинг юзага келиш эҳтимоллиги паст даражада сақланиб қолмоқда.


Асосий хатарлар пандемиянинг кенг тарқалиши, чеклов чораларининг жорий этилиш кўлами, асосий савдо-ҳамкор давлатларда ишбилармонлик фаоллигининг тикланиб бориш тезлиги ҳамда жаҳон бозоридаги нархлар конъюктураси билан боғлиқ.


Мавсумий омиллар натижасида айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошишини яқин истиқболда инфляцияни оширувчи омил сифатида юзага чиқиши мумкин ва бунда керакли ҳажмдаги товарлар таклифини барқарор даражада таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ишлаб чиқариш занжири ва логистика каналларининг секинроқ тикланиши натижасида нархларнинг ошиши хатари ҳам сақланиб қолмоқда.


Бунда, Марказий банк ички ва ташқи шароитлар таъсирида инфляция омиллари ва хатарлари моҳиятини синчковлик билан ўрганишда давом этади ҳамда инфляциянинг прогноз динамикасидан келиб чиқиб, асосий ставка бўйича тегишли қарорларни қабул қилади.


Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича оралиқ йиғилиши 2020 йил 10 декабрга белгиланган. Йиғилиш якунлари бўйича Пресс-релиз эълон қилинади.
Manba: cbu.uz
O'xshash yangiliklar
Uzum Bank ilovasi foydalanuvchilari endi telefon raqami orqali pul oʻtkazishlari mumkin
Uzum Bank ilovasi foydalanuvchilari endi telefon raqami orqali pul oʻtkazishlari mumkin

Jamoangizga Push30 bilan investitsiya qiling

24.12.2024

Jamoangizga Push30 bilan investitsiya qiling

Uzum Bank va Visa plastik debet kartalarni ishga tushirdi

19.12.2024

Uzum Bank va Visa plastik debet kartalarni ishga tushirdi



Orphus tizimi