Марказий банк Бошқаруви 2021 йил 21 январда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди

21.01.2021
Ушбу қарор инфляция динамикасини янада пасайтириш, иқтисодиётда реал фоиз ставкаларини ижобий даражада сақлаб қолиш, шунингдек, иқтисодий фаолликнинг тикланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб бориш мақсадида қабул қилинди. 2021 йилда Марказий банк Ҳукумат билан биргаликда инфляциянинг йил охирига 10 фоиздан паст бўлган оралиқ мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боради. Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2020 йилнинг II ярмидан бошлаб, тартибга солинадиган нархларнинг нисбатан барқарорлиги, истеъмол талабининг сустлиги ва умуман, ўзгарувчан макроиқтисодий шароитлар нархларнинг йиллик ўсиш суръатлари секинлашишига хизмат қилди. 2020 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 2019 йилдаги 15,2 фоизга нисбатан секинлашиб, 11,1 фоизни ташкил этди. Инфляцияга озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши нисбатан юқори – 6,5 фоиз банд ҳисса қўшди. Мазкур товарлар гуруҳи бўйича инфляция умумий инфляция даражасидан анча юқори бўлди ва йил якуни бўйича 15,3 фоизни ташкил қилди. Озиқ-овқат инфляциясига босим, асосан мавсумий омиллар, барқарор талаб, жаҳон ва асосий савдо-ҳамкор давлатлар озиқ-овқат бозорларидаги нархларнинг ўсувчи динамикаси таъсирида юзага келди. Бунда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари юқори даражада ўсди. Хусусан, картошка нархи – 42 фоизга, тухум – 38 фоизга, ўсимлик ёғи – 27 фоизга, шакар – 21 фоизга, гўшт маҳсулотлари – 18,1 фоизга ва нон маҳсулотлари – 15,2 фоизга қимматлашди. 2020 йилда ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархларининг ўсиш суръатлари умумий инфляциядан сезиларли даражада паст бўлиб, мос равишда 8,8 фоиз ва 7,1 фоизни ташкил этди. Декабрь ойида йиллик базавий инфляция даражаси нархларнинг умумий ўсишига нисбатан юқорироқ шаклланди ва 11,7 фоизни ташкил қилди. Бу озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиш тенденцияси ва тартибга солинадиган нархларнинг нисбатан барқарор бўлганлиги билан изоҳланади. 2020 йилда ноаниқликларнинг кучайиши таъсирида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари инфляцион кутилмаларининг нисбатан юқори ўсиши кузатилди. Бу апрель ва июль ойларига тўғри келган бўлса, август ойида кутилмалар пасая бошлади ва аҳоли учун 17-18 фоиз ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун 18-19 фоиз даражасида қайд этилди. Бу, ўз навбатида, инфляцион кутилмаларнинг жиловланмаганлигини ифодалайди. Асосий савдо-ҳамкор давлатларда ҳам инфляцион кутилмаларнинг ўсиши ва жорий инфляциядан юқори фарқланиши кузатилиб, бу жаҳон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгарувчанлигини ва иқтисодий агентларнинг келажакдаги тенденциялар бўйича ноаниқликларнинг мавжудлиги билан изоҳланади. Иқтисодий фаоллик. 2020 йилнинг IV чорагида иқтисодиётнинг тикланиш тенденцияси давом этди. Йил якуни бўйича кўплаб макроиқтисодий ва тармоқ кўрсаткичларининг ижобий ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йил якунлари бўйича ЯИМ ўсиши Марказий банк базавий прогноз кўрсаткичларидан (1-1,5 фоиз) юқори бўлиши кутилмоқда. Бу биринчи навбатда, 2020 йил январь-ноябрь ойларида саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 0,7 фоизга (январь-сентябрь ойларида 2,7 фоизлик пасайиш бўлган), чакана савдо айланмасининг 2,4 фоизга, хизматлар ва қурилиш ҳажмининг мос равишда 2,2 ва 8,7 фоизга ўсиши билан изоҳланади. Бундан ташқари, иқтисодий фаолликнинг муқобил кўрсаткичлари ҳам макроиқтисодий кўрсаткичларнинг дастлабки прогнозлардан юқори бўлишини кўрсатмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг III-IV чоракларида Республика товар-хомашё биржасидаги битимлар ҳажми барқарор ўсиш динамикасига эга бўлди. Ушбу кўрсаткич 2020 йилнинг IV чорагида 2019 йилнинг мос чорагига нисбатан 1,3 барабарга ошди. 2020 йилнинг IV чорагида банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган битимларнинг умумий сони ўтган чоракка нисбатан 17,1 фоизга, савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ҳажми қарийб 20 фоизга ошди. Марказий банк томонидан иқтисодий фаоллик ва ишбилармонлик кайфиятини ўрганиш бўйича ўтказилган сўровлар натижалари улар бўйича индексларнинг 2020 йил июль ойидаги пасайишидан сўнг III-IV чоракда яхшиланганлигини кўрсатмоқда. Пул-кредит шароитлари. 2020 йилда иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолди. Банклараро пул бозорининг ўртача тортилган фоиз ставкаси декабрь ойида 14,4 фоизни ташкил қилди ва фоиз коридори доирасида асосий ставкага нисбатан ижобий тафовут билан шаклланди. Банкларнинг вакиллик ҳисобварағи қолдиғи (ликвидлиги) ва пул маблағларининг ўртача кунлик айланмаси ўртасидаги тафовут 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 38 фоизга қисқарди ҳамда бу ликвидликни тақсимлаш самарадорлигининг ошганлиги ва пул бозорининг ривожланганлигидан далолат беради. Жумладан, 2020 йил IV чорагида пул бозоридаги операцияларнинг ўртача ойлик ҳажми 7,5 трлн. сўмга етиб, 2020 йилнинг III чорагидаги ўртача ойлик кўрсаткичга нисбатан 44 фоизга ўсди. 2020 йилда миллий валютадаги депозитларнинг умумий ҳажми 25 фоизга (9,6 трлн. сўм), шу жумладан, жисмоний шахслар депозитлари 31,6 фоизга (4,1 трлн. сўм) ошди. Йил якуни бўйича жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича фоиз ставкаси 17 фоизни, юридик шахсларнинг депозитлари бўйича 14,4 фоизни ташкил қилди. Инфляция суръатининг пасайишини ҳисобга олганда, депозитлар бўйича реал фоиз ставкаси йил давомида жисмоний шахслар учун 5 фоиз ва юридик шахслар учун 3 фоиз атрофида шаклланди. 2020 йил якуни бўйича иқтисодиётга кредит қўйилмалари қолдиғи 34,3 фоизга ошди ва 280,4 трлн. сўмни ташкил қилди. Иқтисодий шароитлардаги айрим мураккабликларга ва кредитлар қайтарилиш муддатининг вақтинчалик узайтирилишига қарамай, тижорат банклари томонидан 127 трлн. сўмлик кредитлар ажратилди ва бу 2019 йилдаги кўрсаткичга яқин бўлди. Миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси декабрь ойида 18,8 фоизни ташкил қилди. Бунда йил давомида қисқа муддатли кредитлар бўйича фоиз ставкаси 18,4 фоизгача (7,3 фоиз бандга), узоқ муддатли кредитлар бўйича эса 19,1 фоизгача (6,6 фоиз бандга) пасайди. 2020 йилнинг IV чорагида чет эл валютасига бўлган талаб юқори даражада ўсиб борди. Бу асосан, карантин чоралари сабабли кечиккан талаб ва иқтисодий фаолликнинг тикланиши билан изоҳланади. 2020 йил давомида сўмнинг алмашув курси 10,1 фоизга қадрсизланди. 2020 йилнинг март ва октябрь ойларидаги мустаҳкамланишдан сўнг сўмнинг реал самарали алмашув курси йил якунига келиб, асосий савдо ҳамкорлар миллий валюталари курсининг ўзгариши ва инфляция даражасининг ошиши, шунингдек, мамлакатимизда инфляция даражасининг пасайиши ҳисобига ўзининг узоқ муддатли трендига яқинлашди. 2021 йил учун прогнозлар. 2020 йил IV чораги ва январь ойининг биринчи ярмидаги кўрсаткичларни ҳисобга олганда, макроиқтисодий шароитлар Марказий банкнинг базавий прогнозларига мувофиқ шаклланмоқда. 2020 йилдаги кўрсатилган фискал рағбатлантириш ва пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшатилиши таъсири 2021 йилнинг биринчи ярмида талаб томондан иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Бунда 2021 йилда ЯИМнинг реал ўсиши 4,5-5,5 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда. 2021 ва ундан кейинги йилларда иқтисодиётнинг реал секторида рақобатни ривожлантиришга, инвестицион муҳит ва инфратузилмани яхшилашга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар ва иқтисодий ислоҳотлар иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда иқтисодиётга кредит қўйилмалари ҳажми номинал ЯИМ ўсишига мутаносиб бўлади ва 16-20 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолиши ва инфляция омилларининг мувозанатлашиши ҳисобига 2021 йил якуни бўйича инфляция даражасининг 9,0-10,0 фоизга қадар янада пасайиши кутилмоқда. Таъкидлаш жоизки, асосий ставкани пасайтириш бўйича илгари қабул қилинган қарорларнинг тўлиқ трансмиссияси, шунингдек, пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшатилишига иқтисодиётнинг мослашуви маълум вақтни талаб қилади. Марказий банк баҳолашларига кўра, пул-кредит сиёсатининг жорий “нисбатан қатъий” шароитлари 2021 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсишнинг базавий прогнозларини қўллаб-қувватлаш ва пул бозорида ижобий реал фоиз ставкаларни (3-4 фоиз даражасида) таъминлаш учун етарли ҳисобланади. Эҳтимолий хатарлар. Яқин ойларда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарларнинг кучайиш эҳтимоли пастлигича қолмоқда. Шу билан бирга, инфляциянинг бир марталик омилларининг вужудга келиш эҳтимоли ва инфляцион кутилмаларнинг юқори даражада сақланиб қолиши билан боғлиқ хатарлар мавжуд. Яқин истиқболда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши хатарлардан бири сифатида қолмоқда. Протекционистик сиёсат, экспортёрлар томонидан асосий озиқ-овқат товарлари экспорти бўйича чеклов чораларининг (квота ва тарифлар) киритилиши асосий озиқ-овқат товарлари импортининг қимматлашишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли, озиқ-овқат бозорлари барқарорлигини ошириш кўп жиҳатдан республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш комплекс стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга боғлиқ бўлади. Ички бозорни зарурий товарлар ҳажми билан таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шу жумладан, базавий озиқ-овқат товарлари импорти географиясини диверсификация қилиш ва концентрациялашувини қисқартириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда Марказий банк ташқи ва ички шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляция хатарлари ва омиллари характерини чуқур ўрганишда давом этади ҳамда инфляциянинг прогноз динамикасидан келиб чиққан ҳолда асосий ставка бўйича тегишли қарорларни қабул қилади. Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги оралиқ йиғилиши 2021 йил 11 мартга белгиланган. Йиғилиш якунлари бўйича пресс-релиз эълон қилинади.
Trastbank 1994 yilda tashkil etilgan «Trastbank» aksiyadorlik birja banki O‘zbekiston Respublikasidagi eng etakchi banklaridan biri bo‘lib, u o‘z mijozlariga barcha turdagi keng ko‘lamli bank mahsulotlari va xizmatlarini ko‘rsatib kelmoqda.
Manba: Trastbank
O'xshash yangiliklar
2023 yilda Kapitalbankning sof foydasi 77%ga oshdi

13.03.2024

2023 yilda Kapitalbankning sof foydasi 77%ga oshdi

Kapitalbank “Ijobiy” prognozi bilan “UzA+” reytingini saqlab qoldi

16.02.2024

Kapitalbank “Ijobiy” prognozi bilan “UzA+” reytingini saqlab qoldi

Markaziy bankning ko'chmas mulk bozori tahlilida xatolik bo'lishi mumkinmi?
Markaziy bankning ko'chmas mulk bozori tahlilida xatolik bo'lishi mumkinmi?



Orphus tizimi