JET: Nega bir vaqtda bir nechta bankka kredit arizasi topshirish tavsiya etilmaydi? Batafsil

Марказий банк Бошқаруви асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолди

11.06.2020
Ушбу қарор инфляция прогнозининг барқарор пасайиш тренди шаклланиб бораётганлиги ҳамда иқтисодиётнинг тикланиш шароитида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш билан изоҳланади. Марказий банк инфляция прогнозининг пасайишидан келиб чиққан ҳолда, кейинги йиғилишларда асосий ставка даражасини пасайтириш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Келгусида ҳам Ҳукумат билан биргаликда 2023 йилга қадар инфляциянинг 5 фоизлик доимий мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча чоралар кўрилади. Инфляция ва инфляцион кутилмалар. Жорий йил апрель ойида пандемия таъсирида инфляция 1,7 фоизни ташкил этди ва бу асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва шахсий гигиена воситаларига бўлган талабнинг кескин ўсиши ва унга бозор нархларининг мослашиши билан изоҳланади. Май ойида нархларнинг умумий даражаси айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг пасайиши, пандемияга қарши чеклов чораларининг юмшатилиши ва иқтисодий фаолликнинг аста-секин тикланиши ҳисобига нисбатан барқарорлашди. Жорий йилнинг май ойида нархлар 0,3 фоизга ўсиб, йиллик инфляция 14 фоизни ташкил этди ва прогноз кўрсаткичлари доирасида бўлди. Таъкидлаш жоизки, пандемия шароитида аҳоли томонидан асосан озиқ-овқат ва дори-дармон товарларига эҳтиёж юқори бўлди ва бир вақтнинг ўзида ноозиқ-овқат товарлари сотиб олиш ҳажми камайди ҳамда бу ўзгаришлар истеъмол нархлари индексида ҳам ўз аксини топди. Ўз навбатида, бу омил аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражаси ҳамда инфляцион кутилмарига маълум даражада таъсир кўрсатди. Май ойида истеъмол нархларининг нисбатан барқарорлашиши билан инфляцион кутилмаларда ҳам пасайиш кузатилди, лекин ҳали ҳам инфляцион кутилмалар юқори даражада сақланиб қолмоқда. Иқтисодий фаоллик. Жорий йил апрель ойида чеклов чоралари ва жаҳон бозорларидаги вазиятнинг ёмонлашуви сабабли иқтисодий фаолликнинг сезиларли даражада пасайиши кузатилди. Ишлаб чиқаришнинг қисман тўхтатилиши ва уй хўжаликлари даромадларининг камайиши иқтисодиётдаги ялпи талабнинг қисқаришига олиб келди. Хусусан, банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган ўтказмаларнинг умумий сони сезиларли даражада камайди. Ушбу кўрсаткичнинг пасайиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан апрелда 39,8 фоизни, майда эса 34,7 фоизни ташкил этди. Энг катта пасайиш апрель ойида кузатилган бўлиб, май ойида аста-секин тикланиш кузатила бошланди ва ўтказмалар ҳажми апрель ойига нисбатан 7,6 фоизга ўсди. Май ойида, шунингдек, тижорат банкларига савдо ва пуллик хизматлардан нақд пуллар тушуми ҳам тиклана бошланди. Хусусан, апрелда банкларга 3,4 трлн. сўмлик нақд пул тушуми келиб тушган бўлса, майда мазкур кўрсаткич 44 фоизга ошиб, 4,9 трлн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, май ойида савдо ва пуллик хизмат кўрсатувчи субъектларда терминал орқали тўловлар ҳажми апрелга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 5,2 трлн. сўмга етди. Шу каби ҳолат Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси савдоларида ҳам кузатилди. Жорий йил апрелда савдо ҳажми олдинги ойга нисбатан 9,4 фоизга пасайган бўлса, май ойида 39,7 фоизга ўсди. Бундан ташқари, трансчегаравий пул ўтказмалари оқими тикланмоқда ва бу ўз навбатида, аҳолининг истеъмол кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади. Хусусан, май ойида пул ўтказмалари ҳажми апрелга нисбатан 234 млн. долларга кўпайди ва 484 млн. долларни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари соҳасида май якунлари бўйича ишлаб чиқаришнинг апрелга нисбатан 27 фоиз бандга тикланиши кутилмоқда.   Шунингдек, дастлабки маълумотларга кўра, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича қурилиш соҳасида ўсиш кўрсаткичлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоиздан зиёдга кўпайиши, қишлоқ хўжалиги соҳасида эса 3 фоиз атрофида юқори бўлиши кутилмоқда. Умуман олганда, май ойида чеклов чоралари юмшатилиши билан вазият яхшилана бошлади ва иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич тикланиш тенденцияси кузатилмоқда. Пул-кредит шароитлари. 2020 йилнинг ўтган 5 ойида ҳам Марказий банк бир маромда қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолди. Апрелда асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилишига қарамай, депозитлар ва кредитлар бозорида ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолмоқда. Жорий йил апрелда миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси мартга нисбатан 0,7 фоиз бандга пасайиб, 24,1 фоизни ташкил этган бўлса, миллий валютадаги 1 йилдан ортиқ муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 0,5 фоиз бандга ошиб, 19,3 фоизга тенг бўлди. Кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларининг пасайиши умумий кредит портфелида юқори фоиз ставкали истеъмол кредитлари улушининг қисқариши билан изоҳланади ва келгуси ойларда ҳам мазкур тенденциянинг сақланиб қолиши кутилмоқда. Иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ўсиши, валюта алмашув курси ўзгаришларини ҳисобга олмаганда, май ойида апрелга нисбатан (2,2 фоиздан 2,8 фоизгача) тезлашди ва 5 ой якунлари бўйича 14,4 фоизни ёки 30,0 трлн. сўмни ташкил этди. Умумий пул массаси эса 2020 йил 1 июнь ҳолатига 99,2 трлн. сўмни ташкил этиб, асосан сўнгги 2 ойда сезиларли (8,7 трлн. сўмлик ёки 9,7 фоизлик) ўсиш кузатилди. Бунда муддатли депозитлар ўсиш суръатлари апрель ойидаги секинлашишдан сўнг, май ойига келиб яна тикланди ва йиллик 12,3 фоизни ташкил этди. Пандемиянинг ликвидликни шакллантирувчи омилларга таъсири натижасида тижорат банклари томонидан депозит операцияларига талаб қисқарган бўлса, аксинча РЕПО ва СВОП операцияларига талаб ортиб бормоқда. Хусусан, 2020 йил февраль-май ойларида Марказий банкнинг ўрта муддатли депозит операциялари орқали ўртача 425 млрд. сўмлик ликвидлик жалб қилинди. РЕПО ва СВОП операциялари орқали эса ўртача 673 млрд. сўмлик ликвидлик тақдим этилди. Бунда операциялар ўртасидаги соф фарқ 248 млрд. сўмни ташкил этиб, банклар ликвидлигини қўллаб-қувватловчи омиллардан бири бўлди. Жорий йил май ойида банклараро пул бозорининг фаоллашуви кузатилди ва жами амалиётлар ҳажми 4,4 трлн. сўмни ташкил этиб, апрелга нисбатан 2,0 трлн. сўмга (85,0 фоизга) кўпайди. Бунда 14 кунгача бўлган депозитлар фоиз ставкаси айрим тебранишлар билан фоиз коридори доирасида шаклланган бўлса, узоқ муддатли ресурсларга бўлган талабнинг юқорилиги сабабли 30 кунгача ва ундан ортиқ муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкалари нисбатан юқори бўлди. Миллий валюта курси ташқи ва ички омиллар таъсирида апрель ойида 5,8 фоизга қадрсизланган бўлса, май ойида нисбатан барқарор даражада шаклланди. Хатарлар ва ноаниқликлар. Карантин чораларининг босқичма-босқич юмшатилишига қарамай, иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг истиқболлари бўйича икки томонлама омиллар – бир томондан, ялпи талабнинг заифлашиши билан боғлиқ пасайтирувчи омил ва иккинчи томондан чекланган таклиф шароитида нархларнинг ўсишига таъсир қилувчи омиллар билан боғлиқ ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, асосий савдо ҳамкорларимиз иқтисодиётининг тикланиши ҳамда бизнес янги иқтисодий воқеликларга мослашишининг узоқроқ муддатга чўзилиши маълум бир ноаниқликларни келтириб чиқаради. Бунда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун асосий маҳсулотларнинг захираларини тўлдириш ва таклифини ошириш чораларини кўриш зарур. Биринчи ярим йиллик охирига келиб, алмашув курсининг апрель ойидаги ташқи ва пандемия шароитларига тўғриланишининг таъсири пасайиши ҳамда йиллик инфляциянинг жорий даражаси (14-14,5 фоиз) сақланиб қолиши кутилмоқда. Марказий банк йил охирига қадар инфляция прогнозини 11-12,5 фоиз даражасида сақлаб қолиши ва бунда II ярим йилликда инфляциянинг сезиларли даражада пасайиши кутилмоқда. Мазкур кутилмаларнинг асосий омиллари сифатида фаолликнинг аста-секин тикланиши билан ялпи таклифнинг талаб билан мувозанатлашиши ҳамда тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз сақланиб қолишини келтириш мумкин. Июнь ва июль ойларида йиллик инфляция пасайиш тенденциясининг оралиқ мақсадли кўрсаткичлардан паст даражада сақланиб қолиши йилнинг II ярмида асосий ставкани пасайтириш учун шароит яратади. Шу билан бирга, Марказий банк ташқи ва ички шароитлар таъсирида инфляция омиллари ва хатарларининг моҳиятини чуқур ўрганишда давом этади ва инфляция прогнози динамикаси асосида асосий ставка бўйича тегишли қарорлар қабул қилади. Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги асосий йиғилиши 2020 йил 23 июлга белгиланган. Йиғилиш якунларига доир Пресс-релиз эълон қилинади.
Manba: cbu.uz
O'xshash yangiliklar
Push30 sizga yangi yilni yorqin taassurotlar bilan boshlash imkoniyatini tuhfa qiladi!

14.11.2024

Push30 sizga yangi yilni yorqin taassurotlar bilan boshlash imkoniyatini tuhfa qiladi!

Ozon Oʻzbekistondagi faoliyatini kengaytirmoqda. Bu esa shuni anglatadiki, hech narsa sotmaydigan va ishlab chiqarmaydigan odamlar ham oʻz muvaffaqiyatli biznesini boshlashi mumkin.

07.11.2024

Ozon Oʻzbekistondagi faoliyatini kengaytirmoqda. Bu esa shuni anglatadiki, hech narsa sotmaydigan va ishlab chiqarmaydigan odamlar ham oʻz muvaffaqiyatli biznesini boshlashi mumkin.

Uzum Bank O‘zbekiston Respublikasining barcha fuqarolari uchun Visa kartalarini rasmiylashtirishni boshladi

30.10.2024

Uzum Bank O‘zbekiston Respublikasining barcha fuqarolari uchun Visa kartalarini rasmiylashtirishni boshladi



Orphus tizimi