JET: O'zbekistonda eng manfaatli kredit kartasini qaysi bank taklif qiladi? Batafsil

Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022-2023 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари ишлаб чиқилди

22.10.2020
Марказий банк Бошқарувининг 2020 йил 22 октябрдаги йиғилишида “Пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022-2023 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари” тасдиқланди. Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари Марказий банк томонидан келгуси йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуини ўзида акс эттириб, таркибида ташқи ва ички макроиқтисодий вазиятларнинг ўзгариши шароитида соҳада кўриладиган чоралар, қўлланиладиган тамойил ва инструментларни қамраб олган. Асосий йўналишларни ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги қонунида Марказий банк олдига нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича қўйилган мақсадлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонида пул-кредит сиёсатини инфляцион таргетлаш стандартларига мувофиқлаштириш, инфляциянинг 2021 йилда 10 фоиздан паст ва 2023 йилда 5 фоизлик таргет кўрсаткичига эришиш бўйича вазифалардан келиб чиқилган. Мазкур ҳужжатда, Марказий банкка юклатилган вазифалар доирасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва уларнинг кутилаётган натижалари, шунингдек, турли хил макроиқтисодий ривожланиш сценарийлари шароитида Марказий банкнинг устувор чора-тадбирлари йўналишлари акс этган.    2020 йил мамлакатимиз ва жаҳон иқтисодиёти учун жуда мураккаб йил бўлди. Глобал пандемия таъсирида бошланган инқироз ҳам ички ҳам ташқи иқтисодий шароитларнинг ёмонлашуви ҳамда талаб ва таклиф тебранишларининг бир пайтда содир бўлганлиги билан ўзига хос давр ҳисобланади. Бунда, жаҳон иқтисодиётида ва мамлакатимизнинг ташқи савдо ҳамкорларида иқтисодий фаолликнинг кескин сусайиши, хомашё нархларининг тушиб кетиши ва молия бозорлардаги беқарорлик фонида иқтисодий пасайиш тенденциялари кузатилмоқда. Пандемиянинг давом этаётганлиги ва унга қарши кўрилаётган чоралар иқтисодиётларга турли даражада тебраниш ва таъсир кўрсаётганлиги, иқтисодий истиқболларни баҳолаш ва макроиқтисодий кўрсаткичларни прогнозлаштиришни маълум жиҳатдан қийинлаштирмоқда. Мазкур ноаниқликлар даражаси ва таъсир каналлари хусусиятларини инобатга олиб, макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари 3 хил – асосий, тезкор иқтисодий тикланишга (оптимистик) ва ташқи иқтисодий хатарлар кучайишига (хатарли) асосланган муқобил сценарийлар асосида ишлаб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, макроиқтисодий ривожланиш сценарийларни ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётимизга ҳамда ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиёти ва асосий экспорт товарларимиз нархларига таъсирлари, шунингдек потенциал ишлаб чиқариш даражасининг ўзгаришларини инобатга олишга ҳаракат қилинди. Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсида пандемия билан боғлиқ вазият босқичма-босқич яхшиланиб бориши бўйича кутилмалар, аҳоли ва бизнес вакилларини ўз фаолиятларини пандемия ва ундан кейинги шароитларга мослашган ҳолда давом эттиришлари асосий шартлардан қилиб олинган. Ҳамда, ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг бир маромда тикланиши ҳисобига ташқи талаб 2022 йил иккинчи ярим йиллигидан инқироздан олдинги даражасига етади. Мазкур сценарий доирасидаги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил охирида инқироздан олдинги кўрсаткичларга яқинлашади, 2023 йилда иқтисодиёт ўзининг потенциали даражасигача тикланади. Бюджет даромадлари тикланиб бориб, 2022 йилда йиғма бюджет дефицити 2,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда. Бунда, таркибий ислоҳотлар давом эттирилиб, тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёни 2022-2023 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Асосий сценарийга мувофиқ, пул-кредит сиёсатининг жорий “нисбатан қатъий” шароитлари 2021 йил охирига қадар сақланиб қолинади. Айни пайтда, 2022-2023 йилларда тартибга солинадиган нархлар ўзгариши, инфляция даражаси ва прогнозлар траекториясидан келиб чиқиб пул-кредит сиёсати  шароитларига тузатишлар киритилади. Макроиқтисодий ривожланишнинг иқтисодиётни тез тикланишига асосланган муқобил (оптимистик) сценарийси пандемия билан боғлиқ вазиятнинг нисбатан тез суръатларда яхшиланиши, келгусида карантин чораларининг жорий этилмаслиги ҳамда жаҳонда вирусга қарши вакцина ва дорилар 2021 йилнинг иккинчи ярмидан кенг татбиқ қилиниши шароитларини ўз ичига олади.   Ушбу сценарийда асосий савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг бир маромда тикланиши ҳисобига ташқи талаб 2021 йил иккинчи ярим йиллигида инқироздан олдинги даражасига етиши ва жаҳон иқтисодиёти тикланиб боргани сари олтин нархи пасайиб бориши прогноз қилинмоқда. Ушбу сценарий шароитларида ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил ўртасида инқироздан олдинги даражага яқинлашиши, иқтисодиёт ўзининг потенциалига 2022 йилда етиши кутилмоқда. Бунда, асосий сценарийдан фарқли равишда транспорт, хизматлар ва туризм соҳаларида ҳам ўсиш суръатларни жонланади. Иқтисодий фаолликнинг тикланишига мос равишда давлат бюджети даромадлари нисбатан тезкор суръатларда ўсиб бориши ва йиғма бюджет дефицитининг 2022 йилда 2 фоизгача қисқариб бориши прогноз қилинмоқда. Айни пайтда, тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёнининг 2022-2023 йилларда мантиқий якунига етказилиши ва ушбу соҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидан қилиб олинган. Оптимистик сценарийда белгиланган шартлар рўй берган тақдирда, пул-кредит сиёсатининг амалдаги “нисбатан қатъий” шароитлари сақланиб қолинади. Бунда, 2021-2022 йилларда инфляция даражаси асосий сценарийга қараганда бироз пастроқ даражада шаклланади. Бу эса, ўз навбатида, пул-кредит сиёсати шароитларига жиддий ўзгаришлар киритмасдан инфляциянинг мақсадли  кўрсаткичларига эришиш имконини яратади. Макроиқтисодий ривожланишнинг ташқи иқтисодий хатарларнинг кучайишига асосланган муқобил (хатарли) сценарийсида, жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашиб бориши ва глобал ёпилиш 2021-2022 йилларда ҳам давом этиши эҳтимолларини кўзда тутади. Ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг секин  суръатларда тикланиши, ташқи талаб даражасининг фақатгина 2023 йил иккинчи чорагига келиб инқироздан олдинги даражасига етиши ва хавфсиз актив сифатида олтин нархида ўсувчи динамикани сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда. Хатарли сценарийда ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб фақатгина 2022 йилнинг охирига келиб инқироздан олдинги даражага яқинлашиши, иқтисодиёт ўзининг потенциали даражасига 2023 йилдан кейин етиши ва  бюджет харажатлари юқорилигича сақланиб қолиши шароитида йиғма бюджет дефицити 6-7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Мазкур сценарий шартлари юз берган тақдирда тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёни 2023 йилга қолдирилиш эҳтимоллари ошади. Мазкур сценарийда талаб омиллари томонидан инфляцияга босим пасаяди, инфляциянинг прогноз траекториясидан пасайиш томонга оғиши пул-кредит шароитларини “бироз юмшатиш” имкониятини яратади. Шу билан бирга, 2020 йилда бўлгани каби, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва нархлар барқарорлигига эришиш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш учун пул-кредити сиёсати инструментлари қўлланиб борилади. Таъкидлаш жоизки, учала сценарий доирасида ривожланиш тенденциялари ва кутилаётган ўзгаришлардан келиб чиқиб, 2021-2023 йиллар даврида амалга ошириладиган пул-кредит шароитлари белгиланади ва сценарийларга муносиб келадиган пул-кредит инструментлар тўпламидан фойдаланилади. Бунда, ҳар бир сценарийнинг хусусиятлари, инфляцион характери ва омилларининг шаклланиши нуқтаи назаридан баҳоланади ва шунга мос жавоб чоралар тизими ишлаб чиқилади. Таъкидлаш лозимки, учта сценарийлар шароитида ҳам Марказий банк инфляциянинг 2023 йил охирида 5 фоизлик таргет доирасида бўлиши ҳамда банк ва тўлов тизимлари барқарорлигини таъминлаш бўйича доимий мақсадлари ўзгаришсиз қолади. Келгусида пул-кредит сиёсатини такомиллаштиришнинг навбатдаги муҳим қадамларидан бири бу – пул-кредити  операцияларининг бир томонга қаратилган йўналишини белгилаш ҳисобланади. Операцион механизмни такомиллаштириш борасида 2 кундан 13 кунгача бўлган “тўғрилаш операциялари”ни банк тизимида ликвидликни бошқаришнинг мослашувчанлигини ошириш мақсадида жорий этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, банклараро пул бозоридаги ликвидликни самарали қайта тақсимланишини таъминлаш ва Марказий банкнинг ушбу бозордаги ролини босқичма-босқич пасайтириб бориш кўзда тутилмоқда. Келгусида Марказий банк облигациялари муддатларини қисқартирган ҳолда 3-6 ойлик даврга чиқариш режалаштирилган. Бунда, облигациялар чиқарилишининг шаффофлигини янада ошириш, ҳар чорак бошида уларнинг жадвалларини эълон қилиб бориш ва банк тизимидаги ликвидлик ҳолатидан келиб чиқиб облигация ҳажмларини олдиндан белгилаш механизмлари ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, ички валюта бозорини янада такомиллаштиришда валюта курсининг ички ва ташқи омилларга мослашувчанлигини ошириш, бозор иштирокчиларнинг алмашув курсини белгилашдаги ролини ошириб бориш кўзда тутилган. Шунингдек, янги коммуникацион сиёсатни амалга оширишда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичлари, пул-кредит соҳасида қабул қилинаётган қарорларнинг моҳияти ва операцион механизмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар кенг жамоатчиликка мунтазам равишда эълон қилиб борилади. Таъкидлаш жоизки, ўрта муддатли истиқболда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва юқори суръатли иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришиш кўп жиҳатдан келгуси йилларда амалга ошириладиган таркибий ислоҳотлар ҳамда ички ва ташқи хусусий инвестицияларни иқтисодиётимизга жалб этилишига боғлиқ. Бу ўз навбатида, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, иқтисодиётда рақобат муҳитини ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай институционал шароитлар таъминлаш ва ялпи унумдорликни оширишга қаратилган чора-тадбирларни самарадорлиги ва амалий аҳамиятининг оширилиши билан чамбарчас боғлиқ. Бунда, амалга ошириладиган таркибий ислоҳотлар ва макроиқтисодий сиёсат соҳасида кўриладиган чораларни инфляциянинг мақсадли кўрсаткичлари билан уйғунлигини таъминлаш ва молиявий барқарорликни қўллаб-қувватлаш вазифалари Марказий банкнинг диққат марказида бўлади.
Manba: cbu.uz
O'xshash yangiliklar
Push30 sizga yangi yilni yorqin taassurotlar bilan boshlash imkoniyatini tuhfa qiladi!

14.11.2024

Push30 sizga yangi yilni yorqin taassurotlar bilan boshlash imkoniyatini tuhfa qiladi!

Ozon Oʻzbekistondagi faoliyatini kengaytirmoqda. Bu esa shuni anglatadiki, hech narsa sotmaydigan va ishlab chiqarmaydigan odamlar ham oʻz muvaffaqiyatli biznesini boshlashi mumkin.

07.11.2024

Ozon Oʻzbekistondagi faoliyatini kengaytirmoqda. Bu esa shuni anglatadiki, hech narsa sotmaydigan va ishlab chiqarmaydigan odamlar ham oʻz muvaffaqiyatli biznesini boshlashi mumkin.

Uzum Bank O‘zbekiston Respublikasining barcha fuqarolari uchun Visa kartalarini rasmiylashtirishni boshladi

30.10.2024

Uzum Bank O‘zbekiston Respublikasining barcha fuqarolari uchun Visa kartalarini rasmiylashtirishni boshladi



Orphus tizimi