2020 йилда банклар орқали нақд пул айланмалари динамикаси мамлакатимиздаги иқтисодий-ижтимоий ҳолатдан келиб чиқиб, жумладан, пандемия шароитида жорий этилган карантин даврида иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва карантиндан сўнг қайта жонланиши таъсирида шаклланди.
2020 йилда банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 360,1 трлн. сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 25,4 фоизга ошди.
Жумладан, банклар кассаларига нақд пул тушумлари 179,9 трлн. сўмни, ўз навбатида, чиқим қилинган нақд пуллар 180,2 трлн. сўмни ташкил этди.
1-расм
Нақд пул тушумлари ҳажми ва таркиби динамикаси
Банклар кассаларига нақд пул тушумларини 2020 йилнинг чораклари кесимида кўрадиган бўлсак, коронавирус пандемияси шароитида йилнинг II чорагида сезиларли пасайиш кузатилди.
Жумладан, банклар кассаларига нақд пул тушумлари I чоракка нисбатан 26 фоизга камайган бўлса, карантин талабларининг юмшатилиши ортидан иқтисодий фаолликнинг ортиши натижасида IV чоракда II чоракка нисбатан 76 фоизга кўпайди.
Нақд пул тушумларининг IV чоракда II чоракка нисбатан ўсиш ҳажмининг қарийб 12,4 трлн. сўми савдо ва пуллик хизматлардан, 6,2 трлн. сўми банк хизматлари бўйича тушумлар ҳиссасига тўғри келди.
2-расм
2020 йилда чораклар бўйича банклар кассаларига нақд пул тушумлари динамикаси
3-расм
Банклардан нақд пулдаги чиқимлар ҳажми ва уларнинг мақсадлари бўйича таркибий динамикаси
2020 йилда банклар кассалари (шу жумладан, банкоматлар) орқали чиқим қилинган нақд пуллар 2019 йилга нисбатан қарийб 25 фоизга ошиши кузатилган бўлса, мазкур ҳолат асосан банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 25,6 трлн. сўмга (1,7 баробар) ўсиши ҳисобига юзага келди.
Натижада банклардан берилган нақд пуллар таркибидан банк карталаридан ечиб олинган нақд маблағлар улуши 25 фоиздан 34 фоизга етди. Бунга пандемия шароитида иш ҳақи ва ижтимоий тўловларнинг банк карталари орқали тўлаш ҳажми ортганлиги сабаб бўлди.
Хусусан, 2020 йил январь ойида пенсия тўловларининг 17 фоизи, иш ҳақи тўловларининг 66 фоизи банк карталари орқали тўланган бўлса, йилнинг охирги декабрь ойида эса пенсия тўловларининг 31 фоизи ҳамда иш ҳақи тўловларининг 83 фоизи банк карталарига ўтказилди.
4-расм
2020 йилда чораклар бўйича банклар томонидан берилган нақд пуллар динамикаси
Умуман олганда, 2020 йилда банк карталарига жами 180,5 трлн. сўмлик маблағлар келиб тушиб, ушбу даврда банк карталаридаги 62,2 трлн. сўмлик (34,4 фоиз) маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган.
5-расм
Банк карталарига келиб тушган маблағлар ва уларни нақдлаштириш ҳажми динамикаси (2020 йил чораклар бўйича)
Муомаладаги нақд пулларнинг номинал қиймати бўйича таркиби
Муомаладаги нақд пуллар таркибида асосан йирик номиналдаги банкнотлар салмоғининг ошиши ҳисобига банкнотлар умумий сони сезиларли даражада камайди.
Жумладан, 2020 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар таркибида уларнинг сўмдаги миқдори бўйича 100 000 сўмлик банкнотлар улуши – 12,5 фоиздан 27,3 фоизга етган бўлса, 50 000 сўмликнинг улуши – 40,1 фоиздан 38,8 фоизга, 10 000 сўмликнинг улуши – 20,3 фоиздан 15,7 фоизга, 5000 сўмлик – 22,6 фоиздан 16,1 фоизга, 1000 сўмгача – 4,5 фоиздан 2,1 фоизга тушди.
Муомалага чиқарилган банкнотларнинг номинал қийматлари бўйича улуши
6-расм
Бунинг натижасида муомалага чиқарилган банкнотлар сони 1,1 млрд. донага ёки 30,1 фоизга камайди.
Муомалада банкнотлар сонининг камайиши аҳоли учун нақд пулдаги тўловларда қулайликлар яратишга, банклар учун эса нақд пуллар билан ишлашни, жумладан, уларни санаш, саралаш ва ўраб-боғлаш жараёнларини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар соҳасидаги ҳисоб-китобларда қайтим пуллари (майда пуллар) сифатида фойдаланиш учун 2020 йил давомида қўшимча 17,1 млрд. сўмлик янги тангалар муомалага чиқарилиб, уларнинг муомалада бўлган жами нақд пуллар таркибидаги миқдорий салмоғи 0,08 фоиздан 0,13 фоизга (37,4 млрд. сўмга) етди.
Эслатма сифатида: 2019 йил 1 июлдан эски намунадаги 50 сўм ва 100 сўм қийматидаги банкнотлар ва тангалар;
2020 йил 1 июлдан 200 сўм ва 500 сўм қийматидаги банкнотлар қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотган.
Аҳоли қўлида қолиб кетаётган ушбу пул белгиларини 2022 йил 1 январга қадар Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари Ҳисоб-китоб касса марказларида амалдаги пул белгилари (банкнотлар ва тангалар)га алмаштириб олишлари мумкин.
Trastbank
1994 yilda tashkil etilgan «Trastbank» aksiyadorlik birja banki O‘zbekiston Respublikasidagi eng etakchi banklaridan biri bo‘lib, u o‘z mijozlariga barcha turdagi keng ko‘lamli bank mahsulotlari va xizmatlarini ko‘rsatib kelmoqda.
Нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳ (2020 йил якунлари бўйича)