JET: Qaysi avtomobillarni muddatli to'lovga olish mumkin? Batafsil

Рақамли технологиялар ва трансформация жараёнлари банклар фаолиятида

04.02.2021
Марказий банк томонидан Миллий матбуот марказида банклар фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда тижорат банкларини хусусийлаштириш борасида белгиланган устyвор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.


Унда Марказий банк мутассадди ходимлари банк тизимида трансформациялаш, тижорат банкларини босқичма-босқич хусусийлаштириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, банк ва мижоз ўртасидаги муносабатларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида янада яхшилаш борасида маълумотлар беришди.


Тадбирда таъкидланганидек, давлат иштирокидаги банкларнинг мижозга йўналтирилганлик даражаси оширилмоқда. Ушбу вазифалар орасида давлат улуши мавжуд бўлган тижорат банкларини комплекс трансформация қилиш ва банк тизимида давлат улушини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, банклар давлат иштироки сақлаб қолинадиган ҳамда хусусийлаштириладиган банкларга ажратилди.


Банкларни хусусийлаштириш жараёни босқичма-босқич, яъни биринчи босқичда давлат улуши мавжуд бўлган банклар фаолиятини трансформация қилиш, иккинчи босқичда эса давлат акцияларини нуфузли хорижий инвесторларга сотиш назарда тутилган.


Банк тизимини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш даврида ҳосил бўладиган иқтисодий бўшлиқларни тўлдириш, яъни барча аҳоли қатламларининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондириш, банк хизматларининг ҳудудий қамровини таъминлаш ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини амалга ошириш мақсадида давлат иштироки 3 та банкда – Миллий банк, “Агробанк” ва “Микрокредитбанк”да сақлаб қолиниши белгиланган.


“Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асака банк”, “Ипотека-банк”, “Алоқабанк”, “Туронбанк” ҳамда “Қишлоқ қурилиш банк” хусусийлаштиришга тайёрланмоқда. Камида битта йирик банкдаги давлат улуши стратегик инвесторларга тўлиқ сотилиши кўзда тутилган.


Тадбирда, шунингдек, тижорат банклари фаолиятида илғор рақамли технологияларни кенг татбиқ этган ҳолда аҳоли ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, банкоматлар ва инфокиоскларда амалга ошириладиган молиявий операциялар турларини кенгайтириш орқали нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажмини ошириш борасида ҳам ахборот берилди.


2018 йилда 4225 нафар жисмоний шахс масофавий банк хизматларидан фойдаланган бўлса, 2021 йил 1 январь ҳолатида уларнинг сони 13 748 нафарга етди. Мобил иловалар сонининг кўпайиши, QR-код тизимининг афзалликлари, энг асосийси, аҳолида рақамли молиявий хизматлардан фойдаланиш бўйича саводхонликнинг яхшиланиб бориши билан банк тизимида рақамли технологиялардан фойдаланиш кўлами ортмоқда.


Эндиликда рақамли банк хизматлари замон талабларига мос равишда янада тараққий этиб боради. Зарур норматив-ҳуқуқий база яратилиб, масофадан идентификация қилиш (e-ID ва e-KYC) тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилади.


Марказий банк ҳузуридаги банк ва молия-кредит соҳасида ахборот ва киберхавфсизлик таҳдидларининг олдини олиш ҳамда молиявий фирибгарликларга қарши таъсир чораларини кўриш ва текшириш (FINCERT) маркази ташкил этилади. Албатта, мижозларнинг тўлов хизматлари бозорига бўлган ишончини таъминлаш, фирибгарликка қарши курашиш ва маълумотларни ҳимоя қилишда ахборот хавфсизлиги масалалари эътибор марказида бўлади.


Тадбирда ОАВ ходимлари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга Марказий банк мутассадди ходимларидан батафсил жавоблар олишди.


Матбуот анжуманидан фотогалерея
Manba: cbu.uz
O'xshash yangiliklar
Uzum Bank O‘zbekiston Respublikasining barcha fuqarolari uchun Visa kartalarini rasmiylashtirishni boshladi

30.10.2024

Uzum Bank O‘zbekiston Respublikasining barcha fuqarolari uchun Visa kartalarini rasmiylashtirishni boshladi

Kapitalbank Uzcard versiyasiga ko'ra korporativ biznesni rivojlantirish bo'yicha yetakchiga aylandi

25.10.2024

Kapitalbank Uzcard versiyasiga ko'ra korporativ biznesni rivojlantirish bo'yicha yetakchiga aylandi

Plum Tech UZCARD EXPO 2024 da: moliyaviy imkoniyatlarni o‘zgartiruvchi texnologiyalar

24.10.2024

Plum Tech UZCARD EXPO 2024 da: moliyaviy imkoniyatlarni o‘zgartiruvchi texnologiyalar



Orphus tizimi